«Трибуна» шанба куни бўлиб ўтган ЖЧ-2018 саралаши учрашувлари натижаларини таҳлил қилади.
A гуруҳи
Шведлар Адвокатнинг устидан кулишди

29 сентябрь куни Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Дик Адвокат журналистнинг «Швеция Люксембургга 8та гол ура оладими?» дея берган саволига кулимсираган ҳолда шундай жавоб қайтарганди: «Албатта, бундай қила олишмайди. Бу иложсиз. Бу қандай аҳмоқона савол бўлди?».
Воқеалар эса Адвокат кутганидай бўлиб чиқмади. Нидерландиянинг ЖЧ-2018 саралаши доирасида A гуруҳидаги тўғридан-тўғри рақиби Швеция шанба куни Люксембург дарвозасини 8 марта ишғол этди. Швеция терма жамоаси сафида ҳали биттадан ортиқ гол урмаган Маркус Берг шу куни покер қайд этди. Андреас Гранквист дублга эришди, Люстиг ва Тойвонен биттадан гол уришди.
Шу куни Адвокат шогирдлари Беларусни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб қайтишди. Ҳолбуки имконият сақлаб қолиш учун гол ўтказмасдан йирик ҳисобда ғалаба қозониш шарт эди. Энди шведларда тўплар нисбати 26-7, скандинавлардан 3 очко ортда қолаётган ва охирги турда бу терма жамоани ўз уйида меҳмон қиладиган Нидерландияда 19-12.
Эндиликда плей-оффга чиқиш учун охирги турда Нидерландия Швеция дарвозасига жавобсиз 7та гол уриб ғалаба қозониши керак бўлади.
Гуруҳ етакчиси Франция эса Софияда Болгарияни Блез Матюдининг голи эвазига мағлуб этиб очколари сонини 20тага етказди ва гуруҳда камида иккинчи ўринни олишини таъминлади. Кейинги турда французлар Люксембургни қабул қилиши ҳисобга олинса, мундиал йўлланмаси амалда нақд қилинган.

B гуруҳи
Барчаси Лиссабонда ҳал бўлади

Бу сафарги саралашнинг Европа минтақасида B гуруҳи энг рақобатли гуруҳ бўлди. Айни вақтга келиб Швейцария ва Португалия Россияга энг яқин терма жамоалар бўлиб туришибди. Европа чемпионлари биринчи даврада Базелда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишганди ва шу туфайли айни вақтда гуруҳда Швейцариядан 3 очкога ортда қолмоқда. Шанба куни швейцарияликлар Венгрияда ишончли ғалабага эришди (5:2), португаллар Андоррани мағлуб этди (2:0). Жамоа ҳужумчиси Андре Сильва ўйиндаги голлардан бирига муаллиф бўлди, терма жамоанинг саралашдаги барча 9 ўйинида иштирок этган бу футболчи 9 голда иштирок этган (8 гол ва бир голли узатма).




















