Яқин кунларда 2018 йили Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг барча иштирокчилари маълум бўлади. Айни вақтда яна 20та терма жамоа 10 ўрин учун даъвогарлик қилмоқда. 

Африка
А гуруҳи
Тунис ёки Конго Демократик республикаси

Вазият. ЖЧ саралаш босқичида гуруҳ ўйинларида очколар тенг келиб қолганида аввал тўплар нисбати устунлигига қаралади, шу туфайли Тунис терма жамоаси мундиал йўлланмасини кафолатлаб қўймаган. Охирги турда биринчи ўриндаги Тунис (13) Ливия билан ўйнайди, иккинчи ўриндаги Конго (10) эса Гвинеяга қарши баҳс олиб боради.

Аслида бу гуруҳ масаласи икки пешқадамнинг сентябрь ойидаги ўзаро ўйинида амалда ҳал бўлганди: Тунис Конго майдонида 75-дақиқага қадар 0:2 ҳисобида ютқазаётганди, аммо якунда дурангга эришилди. Энди арабларни аутсайдер – Ливияга қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради.

Тунис терма жамоасининг кўплаб футболчилари маҳаллий чемпионатда тўп суришади, фақат Абденнур Европада тўп суради - «Марсель»да.

Конгода Европа жамоаларида тўп сурувчи бир неча футболчи бор: Киевнинг «Динамо» клуби ҳужумчиси Мбокани, «Челси» тарбияланувчиси Какута ва ва айни вақтда Испания чемпионати тўпурарлари рўйхатида учинчи бўлиб турган (9та гол) Бакамбу. У «Вильярреал» футболчиси.

11 ноябрь. Тунис – Ливия, Конго ДР – Гвинея.

С гуруҳи
Марокаш ёки Кот-д’Ивуар

Вазият. Бу гуруҳда ҳаммаси оддий. Охирги турда икки етакчи Кот-д’Ивуар ва Марокаш ўртасида ўзаро ўйин ўтади.  Агар мезбонлар Марокашни мағлуб этишса, чамадонларни тайёрлашга киришиши мумкин, агар дуранг қайд этилса, шимолликлар бу ишни қилишади. Ивуарликлар фаворит кўринмоқда, аммо марокашликлар гуруҳ босқичини гол ўтказмасдан ўтказишди.

Фил суяги қирғоғи терма жамоаси - жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчиси саналади. Дидье Дрогба даврида терма жамоа қаторасига 3 марта мундиалда қатнашган. Энди унинг йўлини Калу, Жервиньо, Бони, Байи, Орье, Заҳа ва Думбия каби футболчилар давом эттириши керак. Бу терма жамоага айни вақтда бельгиялик собиқ футболчи, Бельгия терма жамоасининг собиқ устози Марк Вильмотс бошчилик қилмоқда.

Марокашда юлдузлар кам. «Ювентус» ҳимоячиси Меҳди Бенатия терма жамоада сардор ҳисобланади, иккинчи сардор Россия чемпионатида кўп вақт тўп сурган Буссуфа. Шунингдек, Европада Бельҳанда ва Амрабатни, «Реал»нинг ёш футболчиларидан бири Ҳакимини билишади.