ЖЧ-2018 саралаш ўйинлари ҳам ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда. Баъзи гуруҳларда ҳаммаси ҳал бўлиб, фақат ноябрь ойидаги плей-оффлар ҳақида ўйлаётган бўлишса, баъзи гуруҳларда ҳаёт қайнаяпти. Айниқса, йўлланма масаласини ўзаро ўйинларда ҳал қилаётган рақиблар борки, Tribuna.uz уларга алоҳида эътибор қаратишни лозим топди. 

ПОРТУГАЛИЯ – ШВЕЙЦАРИЯ (10 октябрь, 23:45)

Гуруҳдаги бошқа жамоалар билан юз фоизлик натижа кўрсатиб келаётган бу икки жамоа барча масалани ўзаро ўйинда ҳал этишади. Яъниким, Криштиану Роналдунинг аҳволи аслида Мессиникидан яхшироқ эмас. Мезбонлар бу ўйинда ғалаба қозонишлари шарт, шу ҳолдагина Европа чемпионлари тўғридан-тўғри мундиал иштирокчисига айланишлари мумкин. Акс ҳолда Португалия плей-оффда тўп суради: у ерда рақиб Италия ҳам, Швеция, ёки Хорватия ҳам бўлиши мумкин.  

УКРАИНА – ХОРВАТИЯ (9 октябрь, 23:45)

Турклар ўз майдонларида исландларга имкониятни бой бериб, курашдан чиқди ва гуруҳдаги чигал вазият ечилди. Ечилгани шундаки, Исландия терма жамоаси ўз майдонида гуруҳ аутсайдери Косовони енгса тамом, гуруҳ ғолибига айланади.

2-ўрин масаласи эса, Украина ва Хорватия ўртасидаги ўзаро тўқнашувда аниқланади. Ҳозирда ҳар икки жамоа ҳам тенг очко тўплаган. Иккинчи ўринни олиб плей-оффда қатнашиш учун ҳам икки жамоага фақат ғалаба керак бўлади.  

ЭКВАДОР – АРГЕНТИНА (11 октябрь, 04:30)

Аргентина гуруҳда 6-ўринга тушиб қолган бўлса-да, мундиал йўлланмаси ҳамон ўз қўлида қолмоқда. Месси ва унинг шериклари Эквадорда ғалаба қозонишса, ўзаро тўқнаш келадиган Перу ва Колумбиядан камида биттасини ортда қолдириб, камида 5-ўринга кўтарилиши ва ҳеч бўлмаса, плей-офф орқали ЖЧ га бориш имкониятига эга бўлади. 

Лекин осон бўлармикин? Эквадор майдонида Уругвай ва Чили каби терма жамоалар ҳам бир очко олишнинг уддасидан чиқа олишмаган. Шунингдек, бу жамоаларнинг Аргентинадаги ўйинида эквадорликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Энди бу фактларга Аргентинанинг муаммоларини қўшинг — жамоа 2017 йилда атиги 2 марта рақиб дарвозасига гол урди — бири пенальтидан, иккинчиси автогол. Аргентина сафар ўйинларида охирги марта 2016 йилнинг март ойида ғалабага эришганди, шундан буён меҳмондаги 6 ўйинда жамоа ғалаба қозона олмаяпти.