Йилдан-йилга аҳолида уй-жойга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда ва бу ипотека хўжалигини юритиш тармоқларини янада ривожлантиришни талаб этиши тайин. Акс ҳолда, қуйидаги воқеага ўхшаш ҳодисалар юз бериши, оқибатда, бундан оддий халқ, истеъмолчи азият чекиши ҳеч гап эмас.

Аввало, «Қишлоқ қурилиш инвест»​ МЧЖ инжиниринг компанияси томонидан намунали лойиҳа асосида барпо этилаётган уйлар кўз олдингизга келгандир. Адашмадингиз, гап айнан ана шундай типдаги уй-жойни сотиб олиш ҳақида кетмоқда.

Бунинг учун буюртмачи компаниянинг ҳудудий филиали билан дастлабки шартномани тузиши шарт. Жараённи тўғри олиб бориш тартиби ва дастлабки шартномада кўрсатилган талабга кўра, талабгор танлаган лойиҳа қийматининг камида 25 фоиз миқдоридаги маблағни беш иш куни давомида омонатга қўйиб, кредит олиш учун тегишли ҳужжатларни банкка тақдим этиши шарт. Буюртмачи банкнинг мижозга кредит ажратиши ҳақидаги ижобий хулосаси ва бошқа сўралган маълумотномалар билан «Қишлоқ қурилиш инвест»​ МЧЖ инжиниринг компаниясининг ҳудудий филиалига қайта мурожаат қилади. Шундан сўнг, асосий шартнома тузилади ва уй-жой тақдим этилиши белгиланган.

Ҳовли жойли бўлиш умиди билан Артиков Анвар 2016 йилнинг сентябрь ойида ана шундай дастлабки шартномани имзолаган. Банк унга кредит ажратиш бўйича ижобий хулоса тақдим этиб, Анвар бўлажак «Чўлобод»​ массивида қурилиши режалаштирилган 135та хонадонга талабгор фуқароларнинг 82-навбатида қайд этилди.

Асосий шартнома имзоланиши арафасида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 21 октябрь куни имзоланган «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида​»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида юқоридаги уй-жойлар сони 71тага қисқартирилган. Сабаби шуки, улардан 64тасининг ўрнига 4та икки қаватли, кўп квартирали уй-жойлар қурилиши белгиланди.

Шунга асосан, мазкур массивда қуриладиган уй-жойлар шартнома тузган 135 нафар буюртмачининг 71 нафарига тақсимлаб берилди. Артиков Анвар муқаддам тузилган рўйхатда 82-навбатда қайд этилгани туфайли, у келгусида қўшимча уй-жой қурилиши ҳақида қарор қабул қилиниши кутиб қолади.

Орадан бир неча ойлар ўтиб, яъни жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари томонидан тасдиқланган 84-сонли йиғилиш баёнига асосан, инжирининг компанияси томонидан қўшимча равишда Урганч туманидаги «Туркманлар» маҳалласида 50та уй-жой қурилиши режалаштирилган. Ушбу қурилишда кўрсатилган уй-жойларнинг 24таси «Туркманлар» маҳалласида бузилишга тушган хонадон эгаларига, қолган 26таси «Чўлобод»​ ва «Юқорижирмиз»​ маҳаллаларидаги уй-жойлардан бирини олиш имконияти эга бўлмай қолган буюртмачиларга тақсимланиши белгиланган.

Бироқ, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ​ инжиниринг компанияси Хоразм вилоят филиали қўшимча қурилаётган уй-жойдан қолган 26тасини дастлаб тузилган 135 нафар фуқародан иборат рўйхат бўйича эмас, балки номаълум тартибдаги, шубҳали буюртмачиларга тақсимлашга қарор қилган.