Илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланиши, глобал дунёда рақобатнинг ортиши шароитида ҳар бир давлат ва жамиятнинг бу жараёнда рақобатбардошлиги ёшларнинг интеллектуал ривожи ҳамда уларнинг истеъдоди ва қобилиятларини тўлиқ амалга оширишга эътибор беришга боғлиқ бўлади.

Шунинг учун бу масала ҳар доим давлатларнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлашга қаратилган барча стратегияларда акс эттирилган. Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам бу борада истисно бўлмади. Унда алоҳида бўлим давлатнинг ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган. У Ўзбекистоннинг 10 миллион фуқароси ёки мамлакат аҳолисининг 31 фоизини ташкил этувчи ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни қамраб олади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқини ташкил этиш зарурати ҳаётнинг ўзи томонидан белгилаб қўйилди, у ташкилотдан ёшлар ҳаётидаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишни талаб этади, айниқса уюшмаган ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароитлар яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш шулар жумласидан.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилган кун - 30 июнни Ёшлар куни сифатида эълон қилиниши ҳам жуда рамзийдир. Сабаби ушбу Иттифоқ давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга оширишда самарали фаолиятни таъминлайдиган, «Ёшлар - келажак қурувчиси» шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширадиган тузилмага айланади.

Бизнинг фикрча, ушбу шиор шубҳасиз тасодифан танланмаган - у Ўзбекистон президентининг давлатнинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги стратегиясида принципиал ёндашувини ифодалайди. Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда.

Бу Ўзбекистон раҳбари томонидан Ўзбекистон президенти Девонида ёшлар сиёсати масалалари Хизмат ташкил этилгани билан ҳам исботланади. Хизматга президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси раҳбарлик қилади. Бу шуни англатадики, ёшлар муаммоси доимо мамлакат президентининг диққат марказида бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки, зарурий моддий ресурслар билан қўллаб-қувватланмаса, ташкилот фаолиятидан бирон бир натижани кутиш мумкин эмас. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Ривожланиш жамғармасига кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўловининг ҳисобланган миқдоридан 8 фоизи ўтказиб берилади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошида турли предметлар, жумладан хорижий тиллар, дастурлаштириш ва тадбиркорлик асослари бўйича таълим бериш мақсадида ташкил этилувчи шўъба корхоналар 10 йил муддатга барча турдаги солиқлардан озод қилинади. Шу билан бирга, ушбу имтиёзлар натижасида корхонанинг тасарруфида қолган маблағларнинг 20 фоизи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.