Ёши каттароқ мураббийларнинг интервьюларига ёки таҳлилий материалларга эътибор қаратсангиз, «тўққизлик», «олтилик» каби тушунчалар ҳам учраб туради. Гўёки, ҳозирда шунчаки, футболчининг жамоадаги индивидуаллигини англатадиган бу рақамлар авваллари, анча кенг маънони ифодалаган. Футболчи либосидаги рақамига қараб туриб, унинг амплуаси, хусусиятлари ва ҳатто ўйнаш услубини ҳам билиб олиш мумкин бўлган. 

Футболдаги рақамлар тарихи мана шу жиҳатдан бугун тактик термин сифатида намоён бўлганки, эътиборингизга уларнинг ўзига хосликларини ҳикоя қиламиз.   

№1

Бу тушунарли. Азалдан бу номер остида дарвозабонлар ҳаракат қилишган. Албатта, истиснолар ҳам учраб туради, масалан, 70-80 йилларда Аргентина терма жамоаси футболчилар исмларининг алфавитдаги жойлашувига қараб рақамлаб чиққан. Натижада, Алонсо, Ардилес, Алмирон каби ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар жаҳон чемпионатларида «1» рақамда ўйнашган. Шунингдек, голландиялик тўпурар ҳужумчи Рууд Гелсни ҳам эслаш мумкин. Кейинчалик, аниқроғи, ЖЧ-2006 дан бошлаб, ФИФА бу рақамлар фақат дарвозабонларга берилиши лозимлигини белгилаб қўйди.  

№2 ва №3

Қанот ҳимоячилари.
№2 остида ҳимоячилар, асосан ўнг қанотда ҳаракатланадиганлар тўп сурадилар. Бу футболчилар тўпурарлик маҳоратлари билан мақтанмасликлари мумкин, аммо тез-тез ҳужумга қўшилишлари билан алоҳида ажралиб турадилар.
№3 эса, худди шу каби, фақат кўпроқ чап қанот вакилларига насиб этади. 
Одатий қанот ҳимоячиларига Гарри Невилл, Эшли Коул, Патрис Эвра каби футболчиларни мисол келтириш мумкин.     

№4 ва №5

Бу рақам юртдошларимиз учун умуман бошқа амплуани англатсада, дунё футболида асосан марказий ҳимоячилар ёки баъзида таянч ярим ҳимоячилари тушунилади.

Бешинчи рақам деганда асосан курашувчан, яккакурашларда ва юқори қаватларда кучли ҳаракат қиладиган ҳимоячилар назарда тутилса, №4 деганда кўпроқ, ҳужумни бошлашга уста, узун масофаларга тўпни яхши етказиб берадиган, ҳимояни бошқарадиган ҳимоячиларни эсга оламиз.