Болалигимда дала-қирга сайлга чиққанимизда иссиқда инидан ярми чиқиб турган кўплаб тошбақаларга дуч келар, уларни ушламоқчи бўлганимизда дадам раҳматли “Тошбақага тегинма, у жуда хосиятли, аммо инидан узоққа олиб кетсанг ўзининг ва болаларининг уволига қоласан” деб койирдилар. Айнан жониворларга тегмаслик, уларга меҳр кўрсатиш, ҳар бир ўт-ўлан, тирик жонзотнинг уволига қолишдан қўрқиш бир умр қалбимда муҳрланиб қолган бўлса ажаб эмас. Жорий йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманига қилган сафаримда қир-адирларда деярли тошбақа учратмадим. Ҳайрон бўлиб, ҳамроҳимиз Бердиқул Умаровга юзланганимизда, “тошбақалар ҳозир яхшигина бизнесга айланганини, уларни узоқ-яқиндан келган “тадбиркорлар” териб кетаётганини” айтди. Наҳотки келажакда фарзандларимиз тошбақаларни фақатгина ҳайвонот боғлари-ю, эртак китоблардаги суратлар орқали кўрса?
- Ўзбекистонда дашт тошбақаси экспорт қилишга рухсат этилган жониворлардан бири ҳисобланади, дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг катта илмий ходими, биологик фанлар номзоди Эмилия Вашетко. - Тошбақаларни АҚШ, Европа, Япониянинг зоодўконлари ҳамда ресторанлари харид қилишади. Айтиш жоизки, маълум катталикдаги жониворлар тутилиб экспортга олиб чиқилади, инларидаги тухумлар йиғиб кетилади. Асосан Навоий, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳудудларидаги кўплаб тошбақалар териб кетилмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида тошбақалар сони кескин камайгани сабабли Қозоғистон 2003, Тожикистон 2009 йилдан уларнинг экспортини тақиқланган. Ўзбекистонда эса бу жараён ҳануз давом этмоқда. Масалан, 2000 йилда 3500 та тошбақа ташқарига олиб чиқиб кетилган бўлса, 2015 йилда уларнинг сони 50 мингтага етди.
Шунингдек, питомникларда ўстириладиган тошбақалар экспорти эса 2003 йилда 5 мингта, 2015 йилда 45 минг донани ташкил этди. Энг ёмони, юқорида қайд этилганидек, маълум кичикрок ҳажмдаги тошбақалар экспортга йўналтирилади. Эркак тошбақаларнинг ҳажми урғочисиникидан кичикроқ бўлганлиги сабабли, қонуний ва ноқонуний савдо тўрига айнан улар тушади. Оқибатда фақатгина урғочи тошбақаларнинг қолиши уларнинг кескин камайига сабаб бўлди. “Қуш бозорлари”да табиат қўйнидан ноқонуний териб келиниб сотаётган “тижоратчи”ларга ҳам кескин чоралар кўриш вақти етди. Чунки жониворларнинг кўпчилиги ёш болалар овунчоғига айланиб, нотўғри боқилиши оқибатида ҳалок бўлади. Айни пайтда Ўрта Осиё тошбақасини Ўзбекистон Қизил Китобига зудлик билан киритиб, унинг экспортини тақиқлаш, тошбақаларни яшаш ҳудудлари браконьерлардан муҳофаза қилиш зарур. Бунинг учун ҳозир ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, жонивор Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги Конвенциянинг иккинчи иловасига ва халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига йўқолиб бораётган ҳайвон тури сифатида киритилган,







