Нимадан бошласам экан… Мен сизларга бобом ва у қандай қилиб менинг ҳаётимни ўзгартириб юборгани ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Яна Роналдо ҳақида. Ромарио ҳақида...
Гаплар кўп. 

Олти ёш эдим, ёзги таътил бўлса-да, ҳар куни эрталаб соат 7:30да турар, Ботафого пляжига, футбол ўйнагани кетардим. Пляж яқинида кичик футбол майдончаси, унинг яқинида эса, автомобиллар турар жойи, доим «бир доллар, бир доллар» дея қичқириб турадиган киши турарди. У бир доллар эвазига автомашинангизни «ҳимоя қиларди». Унинг қиёси йўқ овози билан биргаликда, ўша даврдан менга ердан тараладиган ўзига хос ҳид ёдимда қолган.   

Бу худуд Ботафого фанатларига тегишли эди. Баъзида футбол майдончаси улар билан тўлар, мен четдан айланиб ўтардим, баъзида ҳеч ким йўқ, ҳувиллаб ётар, лекин ҳар куни. Худонинг берган куни у ерда Марселитони – яъни мени топиш мумкин эди. 

Мен ўша ҳидни ҳам, икки оёғим остидаги коптокни ҳам яхши эслайман, менимча, айнан ўша пайтларда ҳозирчага мен билан бўлган ҳақиқатни тушуниб етгандирман: агар тўп сизнинг оёқларингиз остида бўлса, ақлдан оздирувчи бахт, атрофингизда бирга ўйнаётган шерикларингиз борми, йўқми, бошқа масала, барчаси мана шу тўпда мужассам. 

Ўша ёзда Америкада 1994 йилги жаҳон чемпионати давом этаётганди. Чемпионат бошланмасидан Бразилия байрамона тусга киради, атроф яшилликка бурканади, кўчалар, деворлар, ойналар, одамларнинг юзлари кўк ва сариқ рангларга бўялади. Бразилияда улғайган ҳар бир бола ўзида буни ҳис қилади. Бир пайтлар Роналдонинг болалик хотираларини ўқигандим, у ҳам болалик чоғида, 1982 йилги мундиал олдидан кўчага чиққан ва Зиконинг расмини бўяшда қарашган экан. 

Эй Роналдо, агар сен буни ўқиётган бўлсанг, билиб қўй, мен олти ёшимда, ўртоқларим билан сенинг расмингни бўяб чиққанмиз. Сен биз учун қаҳрамон эдинг. Бу доимо қалбимни ларзага келтирадиган хотира. 

Хотиралар қизиқ бўлади, мен масалан, ўшанда Бразилия қандай қилиб финалда ғалаба қозонганини эслай олмайман, ҳаммаси элас-элас, лекин кейинги куни чиққан газетанинг бош саҳифасидаги расм кўз олдимда турибди: Самолётдан Бразилия байроғига бурканган ҳолда тушиб келаётган Ромарио гўёки биз учун дунёни забт этгандек эди. Бу расм менда улкан фахр туйғусини пайдо қилган, ичимда «э худойим, мен ҳам бир кун шундай қилишим керак» деб ўйлаганман.  

Албатта, бу жуда кулгили хомхаёл. Аввало, Бразилияда 200 миллиондан ортиқ одам яшайди ва уларнинг ҳар бири, ҳатто ёши катталари ҳам футболчи бўлишни орзу қилишади. Иккинчидан, мен ҳали ҳақиқий футболчи ҳам эмасдим. Шунчаки, маҳаллий футзалда шуғулланиб юрар, футбол клублари бўйлаб саёҳат қилиш оилам учун имконсиз эди. Балки, Америка ёки Англияда яшайдиганлар мени тушунмаслар, аммо ростан ҳам ўша пайтлари бензин жуда қиммат бўлган.