00:33 / 12.10.2017
15445

Тошкент хоккей клуби 2018 ёки 2019 йилда КХЛ аъзоси бўлиши мумкин

Фото: Fotolia

Тошкент шарафини ҳимоя қилувчи хоккей клуби Континентал хоккей лигасида (КХЛ) яқин икки мавсум ичида пайдо бўлиши мумкин, деб хабар беради вазиятга яқин манбага асосланиб, "Р-Спорт".

Айни пайтда КХЛда 7 мамлакат - Россия, Беларус, Қозоғистон, Латвия, Хитой, Финляндия ва Словакиянинг жами 27 клуби иштирок этмоқда.

Аввалроқ, 2017/18 мавсуми якунига кўра, лигани учта клуб тарк этиши ҳақида хабар берилганди. КХЛ директорлар кенгаши раиси Геннадий Тимченко гапига кўра, лига "клублар регламентига мос бўлмаган жамоалардан воз кечади ва уларнинг ўрнини сифатли, иложи борича Европа клублари билан тўлдиради".

Манбанинг таъкидлашича, келаси ёки 2019/20 мавсумида лигани тўлдириши мумкин бўлган клуб Тошкент шарафини ҳимоя қилиш эҳтимоли бор. Маълумки, шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон пойтахтида 12 минг томошабинга мўлжалланган "Ҳумо Арена" муз саройининг қурилиши бошлаб юборилди. У 2018 йил кузигача барпо этилиши лозим.

"Ҳумо Арена" ишга туширилганидан сўнг, унда "Бинокор" клуби КХЛ ўйинларини қабул қилиши режалаштирилмоқда. Клубнинг лигада иштирок этиш муддати муз саройининг ишга туширилиши билан бевосита боғлиқдир.

Клубни молиялаштириш билан айни пайтда КХЛ ҳамкорларидан бири ҳисобланадиган ERIELL халқаро нефтсервис гуруҳи шуғулланиши мумкин. ERIELL Ўзбекистонда ҳам фаол иш олиб бормоқда ва унинг эгалари КХЛда ўзбек клубнинг пайдо бўлишига қизиқиш билдирган.

Аввалроқ, Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) конгрессида "Ҳумо Арена"нинг тақдимот маросими ўтказилди. Унда ўзбекистонликлар келаси йили, саройнинг очилишига бағишлаб, IIHF шафеълигида турнир ўтказиш истагини билдиришди.

Манбанинг хабар беришича, "Ҳумо Арена"нинг ишга туширилиш муддати аниқ бўлгач, ўзбекистонликлар ва КХЛ ўртасида музокаралар бошланади.

Top