15 октябрь соат 16:00да Ўзбекистон Давлат санъат музейида таниқли рассом Андрей Есионов асарлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Кўргазма “Дарёга икки маротаба кириш” деб номланиб, унда меҳмонлар рассомнинг энг сара асарларини томоша қилиш мумкин.

А. Есионов ижоди – мажозий (метафорик) усулнинг ёрқин намунаси. Унинг асарларида, техникадан қатъи назар (мойбўёқ, акварел), маънолар чуқурлиги асарларнинг образли тузилиши даражасида намоён бўлади. Унинг образлари, асосан, медитатив, “ўзига” чуқурлашган, қаҳрамонлари ўз ҳаёти тўғрисида, уларни қуршаб турган дунё тақдирлари тўғрисида ўйга чўмган. Бу ҳолат айниқса портретларда сезилади.

 Кўпинча рассом ўз асарларида идеал моделловчи образли тузилмаларни яратади. Уларнинг асосий хусусияти одамлар, маконлар, шаҳарлар – «Москва. Варварка», «Исроил. Араб мавзесига кириш йўли», «Париж. Муқаддас Рох черкови»нинг муайян идеал (гўзал, адолатли, уйғун) образларини яратишдан иборат. Рассом ўз образларини идеаллик ва уйғунлик тўғрисидаги шахсий тасаввурларига асосланиб шакллантиради.

Рассом асарларидаги уйғунлик ва вазминликни гавдалантирувчи қаҳрамонлар одамови, ўз хаёлига чўмган бўлиб кўринади, бу «медитатив» образлар билан параллел ўтказиш имконини беради. «Рим уйғунлиги», «Флоренсия соҳибжамоли» асарларидаги образлар бизда шундай таассурот қолдиради.

А. Есионов ижодида Макон ва Замон тоифаси талқини алоҳида ўрин эгаллайди. У ушбу рассомлик санъатига хос омилларни мазмундор сифатга айлантирди. «Насияга алданиш», «Дарёга икки марта кириш», «Талаб бўйича тўхташ», «Параллел реаллик» каби асарлар макони ҳар хил усулларда, турли ҳис-туйғу ҳолатларида яратилган, бироқ уларни кенгайтирилган талқин бирлаштиради.