Фан-техника | 12:31 / 12.10.2017
4199
2 дақиқада ўқилади

Uber компаниясининг Ҳиндистондаги рақобатчиси 1,1 млрд доллар жалб этди

Фото: Getty Images

Ҳиндистондаги Uber такси хизматининг рақобатчиси ҳисобланган Ola компанияси 1,1 млрд доллар сармоя жалб қилишнинг уддасидан чиқди. Хитойнинг Tencent интернет гиганти ва Япониянинг SoftBank банки сармоядорлар ҳисобланади. Ушбу молиялаш Ola компаниясига дунёнинг энг ҳаракатчан бозорларидан бирида Uber билан муваффақиятли рақобат қилиш имконини беради. 

Ola компаниясининг хабар қилишича, у яна млрд доллар жалб этишни режалаштирмоқда. Айни вақтда у янги сармоядорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Шу билан сармоя ҳажми 2 млрд долларга етиши мумкин. 

Ушбу инвестиция босқичи тугаганидан сўнг, Ola қиймати 7 млрд долларга етади, деб хабар қилмоқда CNBC манбасига таянган ҳолда. Uber бозор қиймати эса 70 млрд долларга яқиндир. Ҳиндистоннинг 110 шаҳрида фаолият юритувчи стартап жалб қилинган маблағларни сунъий ақл ва машинани ўргатиш технологиялари, Ҳиндистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга сарфлайди. 

Ҳозирда Ola янги хизматларни таклиф қилиш орқали Uber билан фаоол рақобатлашмоқда. Хусусан, мижозлар нафақат такси буюртма беришлари, балки рикша ёки мотоциклни ижарага ҳам олишлари мумкин. Аммо Uber ҳам бўш келганича йўқ ва бу хизматни тезда жорий қилди. 

 

Мавзуга оид