Ҳар қандай инсонда турли вазифаларни бажаришга сарфланадиган маълум бир миқдордаги руҳий қувват захираси бўлади. Агар бу қувват тугаса, самарадорлик кескин тушиб кетади. Зарур ресурсларсиз қолиб кетмаслик учун ушбу 11 одатдан воз кечиш керак, деб ёзади Лайфхакер.

1. Режанинг йўқлиги

Қанчалик кўп қарор қабул қилсангиз, шунчалик кўп руҳий қувватингизни сарфлайсиз. Бу ҳолда қарорлар ўта муҳим бўлиши, шунингдек арзимас (айтайлик, қайси кўйлакни кийишни танлаш) бўлиши ҳам мумкин.

Ҳар қандай қарор учун инсон қувват сарфлайди. Шу сабабли кўплаб инсонлар атайлаб ўзларини чегаралаб олишади. Барак Обама, Стив Жобс ва Марк Цукербергнинг гардеробига эътибор беринг. Уларнинг ҳар бири кўпинча омма олдида доимо бир хил кийимда намоён бўлади. Америкалик ишбилармон ва иқтисодчи Сет Годин эса ҳеч қачон нонуштасига хиёнат қилмайди — у банан ва ёнғоқли коктейлдан иборат.

Ечим: ҳар куни кечқурун эрталабга режа тузинг. Аввалига унга муҳим вазифаларни киритинг. Рўйхатни заруриятга кўра янгилаб боринг.

 

2. Ҳаддан зиёд режалаштириш

Ҳаддан ташқари режалаштириш ҳам зиёнли бўлиши мумкин. Ўз вазифаларингиз рўйхатини иш, оилавий учрашувлар, спорт билан шуғулланиш каби нарсалар билан тўлдиришдан осони йўқ. Лекин буларнинг ҳаммасини бажариш қийин.

Дам олиш учун бўш вақтга эга бўлиш — мувозанатлашган турмушнинг энг асосий жиҳатларидан бири. Буни осонгина унутиш мумкин, бироқ албатта ҳордиқ чиқариш керак.

Ечим: кунлик режангизда сизни тинчлантирувчи машғулотларга жой қолдиринг. Бу қандайдир ҳобби ёки китоб мутолааси бўлиши мумкин.

 

3. Тартибсизликка эътиборсиз бўлиш

Иш столидаги тартибсизлик, сермаҳсуллик каби муҳим аҳамиятга эга эмас, деб ўйлаш мумкин. Бироқ маҳсулдорлик бу жой қанчалик тартибли йиғиштирилганига боғлиқ бўлиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, кўзга тушувчи маълумотларнинг кўплиги диққатингизни жамлашга ҳаракат қилган чоғингизда мияга катта таъсир ўтказади.