Спорт | 17:00 / 13.10.2017
34294
2 дақиқада ўқилади

«ЎФФнинг хатоси — терма жамоаси савиясига мос бўлмаган мураббийни олиб келгани»

ОФК собиқ ходими, футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олмагани сабаблари ҳақида гапирди.

«ЖЧга чиқа олмаганимизга энг асосий сабаби бу ЎФФнинг мураббий танлашдаги хатоси бўлган. Ташкилот терма жамоа савиясига умуман мос бўлмаган Самвел Бабаянни терма жамоага мураббий қилиб қўйди. Иккинчи хато эса Бабаян шундай масъулиятли ишни қабул қилиб олганидан кейин ҳам, мураббийлик билан бирга олдинги иши менежерликни ҳам давом эттиргани бўлди.

Оддий мисол. Цикл тугагач футболчилар билан суҳбатлашганимда уларнинг ўзи ҳам айтишди. Жамоада ўнг қанотда муаммо бор эди. Бу чизиқларни кучайтириши мумкин бўлган икки номзод бўлган: Санжар Турсунов ва Вагиз Галиулин. Аммо мураббий билан шахсий муносабат сабаб улар терма жамоага чақирилмаган. Қайтариб айтаман бу менинг, ёки кўчадаги мухлиснинг гапи эмас, айнан терма жамоа ичида бўлган футболчиларнинг гапи. Мен уларнинг кимлигини айтмоқчи эмасман, аммо бу бор ҳақиқат. Мисол учун Достон Ҳамдамов ҳам айнан Бабаяннинг баъзи шартларига кўнмагани учун терма жамоага жалб қилинмаган.

Лекин бу ягона муаммо эмас. Агар Бабаян барча ўзининг шахсий манфаатларини йиғиштириб қўйиб, фақат мураббийлик билан шуғулланган тақдирда ҳам терма жамоани зўр бошқаришига ишонмасдим. Чунки унинг савияси бу лавозимга мос эмасди. Айтганимдек, энг катта хато ЎФФда, улар терма жамоага умуман мос бўлмаган мутахассисни тайинлашганди», дея гапириб ўтган Никимбаев «Ориат Доно» радиосидаги «Футбол плюс» дастурида.

Мавзуга оид