Ўзбекистон | 14:30 / 13.10.2017
32719
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда антенналар ва кондиционерларни ўзбошимчалик билан ўрнатиш тақиқланиши мумкин

Фото: 123RF

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан кўп квартирали уйларда турар ва нотурур жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш масаласига бағишланган Қўмита йиғилиши ташкил этилди.

Тадбирда мазкур долзарб масаланинг бугунги ҳолати ҳамда аҳоли билан ўтказилган бевосита учрашув ва мулоқотларда кўтарилган саволлар, фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда соҳага оид ҳуқуқий базани ҳамда уй-жой ва коммунал хизматни тубдан яхшилаш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, тадбирда депутатлар томонидан ҳудудлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш ва аҳоли билан ўтказилаётган доимий мулоқотлар давомида уй-жой ва коммунал соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ва камчиликлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, умумий мулкдан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш масалалари, кўп қавватли уйларнинг ташқи фасад архитектурасини бузилиши, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги техникалари ҳалақит қилувчи ноқонуний қурилишлар, рухсат этилмаган жойларни ўраб олиш шулар жумласидандир.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан “Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давра суҳбати давомида мазкур қонун лойиҳаси иштирокчилар соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида кўпквартирали уйларда умумий мулкни техник ва санитар сақлаш,  жорий ва мукаммал таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш, ҳовли атрофини кўкаламзорлаштириш, болалар майдончасига хавфсиз ва замонавий ўйингоҳ конструкцияларини ўрнатиш, инженер-муҳандислик тизимларини сақланувчанлигини таъминлаш, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга ҳамда ёнғин хавфсизлиги тартибларига риоя этилиши, хонадон ичида таъмирлаш ишларини қўшниларга халақит қилмасдан бажариш тартиблари ва бошқа масалалар назарда тутилган.

Депутутлар ва тадбир қатнашчилари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор аниқ таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди. Бинолар, турар жой ва ёрдамчи хоналарнинг архитектура-режалаштириш ечимларини ўзгартириш билан боғлиқ ёки бинолар конструкцияларининг юк кўтариш қобилиятига таъсир қилувчи ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, хонадонларни таъмирлаш жараёнида ички тутиб турувчи девор ва устунларни қайта жойлаштириш, вентиляция шахталари ва каналларини ўзбошимчалик билан ўзгартиш ва реконструкция қилишни тартибга солиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларнинг кўпхонадонли уйларда  яшовчилар, ёшлар ва болалар ўртасида турли мусобақалар ҳамда байрамлар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклифларига ҳам эътибор қаратилди.

Тадбир  якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид