Ўзбекистон | 11:47 / 14.10.2017
36866
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хоразмга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 14 октябрь куни Хоразм вилоятига келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хоразм йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. “GM Uzbebekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали, “UzXMG” экскаватор заводи, “Ўзтекс Шовот”, “Хоразм маиший техника” корхоналари, “Хоразм шакар” қўшма корхонасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мураккаб иқлим шароитига қарамай вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда. 

Давлат раҳбари 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. 

Шунга мувофиқ, ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 

Президентнинг Хоразм вилоятига сафари давомида аввалги ташрифда белгиланган режалар қандай амалга оширилаётгани билан танишиши, ҳудуд тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича истиқболдаги долзарб вазифалар белгиланиши режалаштирилган. 

Мавзуга оид