Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 14 октябрь куни Хоразм вилоятига борди. 

Хоразм қишлоқ хўжалиги, йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали, “UzXMG” экскаватор заводи, “Ўзтекс Шовот”, “Хоразм маиший техника” корхоналари, “Хоразм шакар” қўшма корхонасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мураккаб иқлим шароитига қарамай, вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда. 

ЎзА хабарида эслатилишича, давлат раҳбари 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. 

Ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифини Урганч халқаро аэропортида бажарилган реконструкция ишлари билан танишишдан бошлади. 

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу шаҳар остонасиданоқ кўзга ташланади. Хусусан, Урганч халқаро аэропорти замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатишга мўлжалланган замонавий терминаллар, хизмат кўрсатиш хоналари, савдо шохобчалари ташкил этилган, ён-атроф ободонлаштирилган. Расмий делегациялар, хорижий меҳмонларни кутиб олиш учун зарур шароит яратилмоқда. 

Президентимиз бу борада амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар билан танишди. Аэропорт фаолиятини такомиллаштириш, меҳмонлар учун қулайликларни янада ошириш бўйича кўрсатмалар берди.