Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида божхона органларига ҳам бир қатор вазифа ва топшириқлар юкланган эди.
Давлат дастури доирасида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш юзасидан ҳам топшириқлар берилган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қумитаси расмий сайти.
2017 йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 814-сонли қарори қабул қилиниши мазкур тизимини амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди.
Қарорни қабул қилишдан асосий мақсад фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратишдан иборатдир.
Мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Қарорга кўра, икки йўлакли тизим 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб эса, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга киради.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитасига 1 ой муддатда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро аэропортларда икки йўлакли тизимни ишлашини таъминлаш учун керакли инфраструктура ишларини ўтказиш юклатилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган ҳамда Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахсларнинг сафар мақсади, мамлакати, ёши ва региони бўйича шаклланишини таъминлайдиган статистика ҳисоботи шаклини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига 1 ой муддат берилди.












