Ўзбекистон | 12:30 / 16.10.2017
30910
4 дақиқада ўқилади

Президент: Ҳудудида жиноят содир этилишига йўл қўйган профилактика инспекторига 30 фоизлик жарима қўлланилади

Фото: ЎзА

Ички ишлар вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда Хоразм вилоятида “Хавфсиз ҳудуд концепцияси”ни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида маълум қилди.

Қайд этилишича, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари тузилмасини танқидий қайта кўриб чиқиб, ходимларнинг асосий қисми посёлка ва қишлоқ аҳоли пунктларига яқин жойларда фаолият юритишини таъминлаш керак. Бу масала бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда Урганч шаҳри ва Қўшкўпир тумани ички ишлар бўлимлари тузилмаси ҳамда шахсий таркибини тубдан қайта кўриб чиқиб, тажриба тариқасида мавжуд хизматларнинг фаолиятини бевосита жойларда ташкил этишга доир таклифлар киритади.

Шунингдек, ҳар ойда профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари кўчама-кўча юриб, фуқаролар билан учрашиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот бериб бориши керак. Президентнинг давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), “Маҳалла” фонди (Ш.Жавлонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда профилактика инспекторлари ва маҳалла раисларининг ҳисобот бериш тизимини жорий этади.

Профилактика инспекторлари бундан буён ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида ўз ишини ташкил этиши керак. Улар ўз ҳисоботини ана шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда тақдим этиши шарт. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, унинг замирида чуқур маъно бор. Профилактика инспектори авваламбор маҳалланинг манфаатини биринчи ўринга қўйиши лозим. 

“Ўзига бириктирилган ҳудудда жиноят бўлмаслигини таъминлаётган профилактика инспектори ва аксинча – ўз ҳудудида жиноят содир этилишига йўл қўйган профилактика инспектори бир хил миқдорда маош олиши адолатдан эмас, деб ҳисоблайман”, - деган президент. 

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), “Маҳалла” фонди (Ш.Жавлонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ўз ҳудудида яшайдиган фуқаролар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўймаган маҳалла раиси ва профилактика инспекторига ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида мукофот пули бериш ва, аксинча, жиноят содир этишга йўл қўйилган тақдирда эса уларга нисбатан ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллашни назарда тутадиган тартибни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш вазифаси топширилди. 

Бундан ташқари, бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда, бир ой муддатда ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жамоат жойларида кузатув камераларини ўрнатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2017 йил 1 декабрга қадар Хоразм вилоятида ички ишлар органлари профилактика инспекторларига уй-жойлар ва автотранспорт воситалари топшириш ишларини якунига етказади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид