Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 14 октябрь куни “Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни чиқарди.
Қарор ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 10 апрелдаги 199-сон қарорига мувофиқ чиқарилди.
Қайд этилишича, мазкур Низом ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўгрисида”ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши мумкин, агар:
ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;
ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;
ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ касбга тайёрлаш, малака ошириш ёки қайта тайёрлаш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни меҳнат стажига қўшиш фуқароларга (ишсизларга) давлат томонидан моддий ёрдам беришга оид кафолатлар ҳисобланади.
Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида фуқароларга қонун ҳужжатларига мувофиқ стипендия тўланади.
Мазкур Низом талаблари Ўқув маркази томонидан тўлов асосида ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув курсларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўқув марказига ишга жойлаштириш бўйича иш берувчи, бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари ва ишга жойлашиш хоҳишини билдирган шахс ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома ҳамда мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги Марказ йўлланмалари мавжуд бўлган ишга жойлаштиришга муҳтож ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий ишга эга бўлмаган шахслар ўқишга қабул қилинади.















