Еврокубоклар тугар-тугамас, бугундан Европа майдонларида миллий чемпионат ўйинлари бошланади ва албатта, улар ичида эътиборга арзирли марказий учрашувлар жуда кўп. Анъанамизга содиқ қолган ҳолда, ана шу ўйинлар ҳақида қисқача тўхталамиз.
НАПОЛИ - ИНТЕР (21 октябрь, 23:45)
Ўтган ҳафтада марказий ўйинларда кучли рақиблар устидан ажойиб ғалабага эришган икки жамоа бу сафар ўзаро орани очиқ қилади. Бир неча қийин ўйинларда ғалаба қозониб, «Интер» ҳам ниҳоят юқори ўринлар учун даъвогар бўла олишини исботлади. «Наполи» эса, ҳатто мағлубият билан тугаган Манчестер сафаридан сўнг ҳам, ёмон фикр уйғотмади. Сарри шогирдлари рақиб ким бўлишидан қатъи назар ўз услубларидан воз кечмасликларини исботладилар.
«Интер» «Наполи»дан атиги 2 очко кам тўплаган холос, демак ғалаба миланликларни жадвалда пешқадамга айлантиради. «Наполи» эса Европадаги кучли чемпионатлар ичида йўқотишсиз бораётган охирги жамоа сифатида навбатдаги ғалабага интилиши табиий. Ҳатто Чемпионлар Лигаси олдидан клуб президенти асосий эътибор Италия чемпионатига қаратилиши, Манчестердаги ўйиндан кўра «Интер»га қарши ўйин муҳимроқ эканини айтганди.
А Серияда доирасидаги ўйинларда, 2011 йилдан бери, «Наполи» «Интер»ни ўз майдонида ютиб келмоқда.
ВАЛЕНСИЯ - СЕВИЛЬЯ (21 октябрь, 21:30)
Ушбу мавсумда «Валенсия» нафақат мағлубиятсиз серия билан турнир жадвалида «Барселона»ни таъқиб қилмоқда, балки, жуда ҳужумкор ва қувноқ ўйин намойиш қиляпти ҳам. Жамоа 8 турда 21 гол уришнинг уддасидан чиқди, италиялик ҳужумчи Симоне Заза эса, Ла Лигада ўтган ойнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди.
«Севилья» ҳам рақибидан у қадар узоқда бўлмаса-да, ўйин борасида муаммолар жуда кўп. Масалан, 8 ўйинда атиги 9 гол урилган, ҳозирча фақат аутсайдер жамоалар мағлуб этилмоқда. Ва албатта, Чемпионлар Лигасида «Спартак»дан қабул қилинган йирик мағлубият ҳам «Севилья»нинг бугунги ҳолатини ифодалаб турибди.
Аммо барибир, ўйин юқори ўринлар учун даъвогар бўлган рақиблар ўртасида эканини, жамоалар таркиб жиҳатидан бир-бирига жуда мослигини эътиборга оламиз. Қизиқ бўлиши табиий.
ЭВЕРТОН - АРСЕНАЛ (22 октябрь, 17:30)
Трансфер бозоридаги сарфлар бўйича ҳатто АПЛда етакчилардан бири бўлган «Эвертон»нинг аҳволи яхши эмас. Аввалига тақвимнинг ноқулайлиги ҳақида айтилди, аммо кейинги ўйинларда ҳам, масалан, «Бёрнли»дан ўз майдонидаги мағлубият, «Брайтон»даги дуранг кўрсатяптики, ҳали ҳам жамоа ўйнаб кетгани йўқ. Кўп футболчилар сотиб олингани билан, Лукакунинг катта пулга сотиб юборилганини ҳам эътиборга олиш керак. Аслини олганда, кўп футболчилар олингани ҳам мураббийга вақт кераклигини кўрсатади. Балки шунинг учун ҳали ҳам Роналд Куманга имкон беришаётгандир.












