Адабиёт бўйича Нобель мукофотига британиялик ёзувчи Кадзуо Ишигуро (баъзи ресурсларда Исигуро ёзилади) сазовор бўлганидан сўнг, ҳар доимгидай, ўзбек социал медиасида «Қачон ўзбек адиби Нобель олади?» мавзуси долзарблик касб этди. Муҳокамаларнинг мазмунини такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ — ҳар йилгидай, бу сафар ҳам «Нобель учун пишиб қолган» номзодлар тилга олинди, айни пайтда нуфузли мукофот «ҳалол» ўйналмаслигини, фақат «ватанини ёмон кўрадиганлар»га берилишини, умуман, у аҳамиятсиз ва кераксизлигини уқтирганлар ҳам бўлди. Бефойда баҳсларни четлаб ўтиб, бу гал Нобель қўмитаси жуда яхши танловни амалга оширганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Мукофот Светлана Алексиевичга ўхшаган публицистга, Боб Диланга ўхшаган рок ижрочисига эмас, классик тасаввурдаги ёзувчига топширилди. Бундан бадиий ижод ишқибозлари хурсанд бўлса арзийди.

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти бу сафар ёзувчига берилди

Фото: The New York Times

Ишигуро — халқаро миқёсда танилган ижодкор, ўз авлодининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири. Унинг асосий бадиий мероси — ўнга яқин романи дунёнинг барча асосий тилларига таржима қилинган, шулардан учтасининг негизида Голливуд юлдузлари иштирокида фильмлар суратга олинган. Афсуски, кузатишларимга қараганда, ўзбек китобхони инглиз адиби билан яхши таниш эмас экан. Унинг асарлари ўзбекчага таржима қилинмагани бунга сабаб бўлса керак. Агар мутахассис таржимонларда шу камчиликни тўлдириш нияти ёхуд китоб шинавандаларида унинг ижоди билан танишиш хоҳиши уйғонса, «Дафн этилган рўдапо» (The Buried Giant) романидан бошлашни тавсия этган бўлар эдим. Асар ҳам қизиқарли, содда тилда ёзилгани, ҳам жиддий мавзуни олиб чиққани билан барчага манзур бўлишига аминман.

Романда қирол Артур вафотидан кейинги Британия қаламга олинади. Бу афсоналар даврининг тугаши, реал ҳаётнинг бошланишини рамзий ифодалайди: римликлар оролни аллақачон тарк этган, ҳали аждарлар бор, огрлар қишлоқларга ҳужум қилиб туради, Артурни кўрган рицарлардан баъзилари тирик (улардан бири сюжетда муҳим ўрин эгаллайди), лекин одамларнинг кундалик ҳаёти ниҳоятда оддий, улар барчамизга таниш маиший муаммоларга рўбарў яшайди. Бриттлар босқинчи сакслар билан тинч-тотув қўшничилик қилади, улар орасида рўй берган ҳарбий можаро унутилиб кетган.

Бош қаҳрамонлар — кекса жуфтлик Аксл ва Беатрис коммуналистик қоидалар ўрнатилган қишлоқда сокин турмуш кечиради. Коммунада тегишли тартиб ҳукмрон: ҳар бир киши муайян ишни бажариб, эвазига маълум моддий қимматликларга эга бўлади. Барчанинг ўз ўрни, вазифаси бор. Қаҳрамонларимизнинг жамиятдаги мавқеи у қадар юқори эмас — кекса жуфтликка ҳатто шамдан фойдаланишга рухсат этилмайди.