Ўзбекистон | 15:30 / 24.10.2017
13460
2 дақиқада ўқилади

IFC Ўзбекистонда экологик барқарор пахта етиштириш бўйича лойиҳани бошлади

Фото: Kun.uz

Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экологик барқарор пахта етиштириш бўйича лойиҳани бошлади.

Мазкур лойиҳа пахта етиштиришнинг илғор тажрибасини ишлаб чиқиш, пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини камайтириш мақсадида халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган барқарор пахта ишлаб чиқариш стандартларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда пахта етиштириш самарадорлигини оширишга қаратилган.

IFC маълумотларига кўра, лойиҳа 2017-2022 йиллар мобайнида амалга оширилади. 2017-2018 йиллар мобайнида Халқаро молия корпорацияси икки вилоятда Better Cotton жаҳон стандартлари асосида барқарор пахта ишлаб чиқариш стандартлари тизимини яратиш ҳамда синовдан ўтказиш бўйича тажриба дастурини амалга оширади.

Тизим муваффақиятли синовдан ўтгач, у бу соҳадаги 3 мингга яқин фермер ва агрофирма, пахта ишлаб чиқарувчилар билан қамраб олинади.

Лойиҳа IFC томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатекспорт» холдинг компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилади.

2019-2022 йиллар мобайнида Лойиҳа иши мамлакатнинг қолган вилоятларида пахта етиштириш бўйича энг яхши амалиётлар ва барқарор пахта етиштириш стандартлар тизимини кенгайтириш, ҳамда миллий даражада стандартлар тизимини тўлиқ ижтимоий институт қилишга қаратилади.

IFC миллий ҳамкорлар билан биргаликда Лойиҳа иши якунлангандан сўнг, мамлакатда тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган экспертиза, тизим ва инфратузилмани ривожлантириш устида ишлайди.

Лойиҳани амалга ошириш давомида Халқаро молия ташкилоти Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон пахта секторида фаол фаолият кўрсатадиган бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ушбу лойиҳа Халқаро молия корпорацияси томонидан IFC’нинг кўп йиллик ҳамкори бўлган Венгрия EXIM Bank’и молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид