01:36 / 26.10.2017
9004

Пабло Исла - дунёнинг энг самарали фаолият юритувчи бош директори

Фото: Getty Images

Испан ишбилармони Пабло Исла Альварес де Техера 1964 йилнинг 22 январида дунёга келган. У - Inditex номли йирик испан корпорациясининг амалдаги раиси ва бош директори.

1987 йилда у Мадриддаги Комплутенсе университетининг юридик факультетини тугаллади.

Пабло Исла 1992 йилдан 1996 йилга қадар Banco Popular Español банк гуруҳида юридик хизматлар директори лавозимида иш юритган. 1996 йилда у бу лавозимини тарк этиб, Ғазначилик миллий мерос департаментининг бош директори бўлди. 1998 йилда у Banco Popular Español'га бош директор этиб тайинланди. Исла 2000 йилдан 2005 йилгача Altadis гуруҳи раиси бўлган.

2005 йилда Пабло Исла Inditex компаниясининг бош директори ва раис ўринбосари этиб тайинланган, 2011 йилда компания раисига айланган.

Фото: Getty Images

Inditex — Испания компанияси, кийим савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар тармоғи эгаси. Унинг тўлиқ номи — Industria de Diseño Textil Sociedad Anónima. Компания штаб-квартираси Испаниянинг Артейхо шаҳрида жойлашган. Корпорация дунёнинг 88 мамлакатида Zara, Oysho, Massimo Dutti, Bershka, Pull and Bear, Zara Home, Stradivarius ва Uterque брендлари остидаги 7000дан зиёд дўконларни бирлаштиради.

Исла 2020 йилга бориб Inditex'нинг барча хавфли кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ва маҳсулотлардан йўқ қилиши учун жавобгар. Шунингдек у 2020 йилга бориб чиқиндиларни 30 фоизга, сув истеъмолини 50 фоизга қисқартирадиган иқтисодий дўкон моделини жорий қилиш масъулиятини ўз зиммасига олган.

Фото: Getty Images

Inditex корпорацияси 2005 йилда 2692 дўконга эга бўлган бўлса, Исла раҳбарлиги остида дўконлар сони 7000дан ошди. Шу билан бирга у компания фаолиятини онлайн-кенгайтириш билан ҳам шуғулланди.

2017 йилда Harvard Business Review Пабло Ислани дунёнинг энг самарали фаолият юритувчи бош директори сифатида эътироф этди.

Top