Жаҳон | 10:30 / 27.10.2017
5567
2 дақиқада ўқилади

Тиллерсон: АҚШ «Толибон»ни тинч музокаралар ўтказишга ишонтирмоқда

Фото: Reuters

Америка ҳукумати Афғонистоннинг “Толибон” радикал ҳаракати билан алоқани сақлаб қолиб, уни Кобул ҳукумати билан тинч музокараларни бошлашга ишонтиришга уринмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Женевада журналистлар билан ўтказган суҳбатда маълум қилди. 

Тиллерсоннинг сўзларига кўра, АҚШ маъмурияти шундай вазиятни яратишга интилмоқдаки, унда толиблар етакчилари қуролларини ташлайди. 

"Биз "Толибон" ҳаракатига аниқ тушунтирдик: у Афғонистонда ҳеч қачон ҳарбий ғалабага эриша олмайди", - деган Американинг бош дипломати. "Улар билан махфий йўллар орқали Дохадаги идорасида олиб бораётган мулоқотимизда, улар фарзандлари ва неваралари ҳам шу курашни давом эттиришларини хоҳлаяптими ёки йўқми, деган саволни қўймоқдамиз. Чунки, улар бошқа йўлни танламаса, келажакдаги ишлар ҳам айнан шундай бўлади", - деган давлат котиби. 

Унинг фикрича, толибларни музокаралар даврасига олиб келадиган "шарт-шароитларни барпо этиш бўйича масъулият" "афғон ҳукумати зиммасидадир". Бунда Тиллерсоннинг қайд этишича, толиблар АҚШ ҳукумати қарашига кўра, Афғонистон ҳукумати таркибига кириши мумкин. Бироқ бунинг учун улар "терроризмдан воз кечиши керак" ҳамда бундан кейин "ҳеч қачон" бундай фаолият билан шуғулланмаслик масъулиятини олиши лозим. 

Америка давлат котиби, шунингдек, америкаликларнинг яна 16 йил Афғонистонда қолиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад этди. "Йўқ, янги 16 йил бўлмайди", - деб таъкидлаган Тиллерсон. 

Шу муносабат билан, унинг таъкидлашича, "Покистон ҳам жангарилар ва террорчиларни йўқотиш учун кўпроқ амалий чоралар кўриши керак". 

Мавзуга оид