28 октябрь куни «Манчестер Юнайтед» мавсумнинг муҳим учрашувларидан бирида ғалаба қозонди. Чемпионлик учун асосий даъвогарлардан саналаётган «Тоттенҳэм» «Олд Траффорд»да таслим этилди.
Шанба оқшомининг, балки куз фаслининг асосий кадри

Турнинг марказий учрашув якунлангани ҳақидаги ҳакам ҳуштаги янграган он. Оператор Жозе Моуриньони катта планда намойиш этди, у эса камерага тикилиб кўрсаткич бармоғини лаблари устига босди. Унинг ортида тушкун ҳолатдаги Маурисио Почеттино қадам ташлаб келаётгани ҳам бу суратнинг муваффақиятли чиқишига хизмат қилди. «МЮ» ва «Тоттенҳэм» мураббийларининг бир-бирига қўл ташлаши шу алфозда рўй берди, аммо Моуриньо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида рақибга ҳурмат билдирди.
Моуриньо жанжалга ўч экани ҳеч кимга сир эмас. У бусиз оддий мураббийга айланиб қолган бўларди. Агар у шундай бўлмаганида, эҳтимол «Манчестер Юнайтед»га таклиф этилмасди ҳам. Ахир замонавий топ-клубга нафақат тажрибали мураббий, балки клубни янада машҳур қила оладиган бренд-мураббий керак. «МЮ» эса шундай мураббийни қўлга киритган. Унинг шу сифатлари туфайли жамоанинг ўтган мавсумдаги натижалари унутилди, ўтган мавсумнинг кумуш медаллари совриндорига қарши нурсиз ўйини кечирилди.
Моуриньонинг ўйин услуби - ҳимояда ўтириш ва рақибнинг ҳаракатларига қараб ҳужумга ўтишдан иборат. Португалиялик мутахассис бундай тактикани ўз вақтида «19 аср футболи» деб атаган, бир неча йил муқаддам «Вест Ҳэм» бош мураббийи «Челси»га қарши бутунлай ҳимоявий ўйин кўрсатиб, натижага эришиб қайтгани, унинг ғазабини келтирганди. Энди эса унинг ўзини «19 аср футболи қироли» деб аташмоқда.
No Harry, no party
«МЮ» худди «Ливерпуль» билан ўйинда бўлгани каби «Тоттенҳэм»ни иложсиз қолдирди. Меҳмонларга тўп назорати топширилди, аммо Почеттино шогирдлари Де Хеа дарвозасига яқинлаша олишмади.
«Тўпни «Тоттенҳэм» назорат қилди, биз «Тоттенҳэм» ўйинини назорат қилдик. Рақиб фақат бир марта, Алли ҳужум қилган вазиятда голли вазият ярата олди», деди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Жозе Моуриньо. У тўғри гапирди, рақиб бу ўйинда фақат икки марта дарвоза томон аниқ зарба берди ва иккиси ҳам испаниялик дарвозабон учун ортиқча қийинчилик туғдирмади.
Нима учун? Чунки, бу ўйинда жароҳат туфайли «Тоттенҳэм»нинг асосий ҳужумчиси Ҳарри Кейн иштирок эта олмади. Бир неча ҳафта илгари «Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола «шпорлар»ни «Ҳарри Кейн жамоаси» деб атаганди. Почеттино бундан хафа бўлган, аммо каталониялик мураббий узр сўрамаганди. Аммо кейинги натижалар Гвардиола ҳақ бўлганини кўрсатмоқда. Кейнсиз жамоа аввалига Англия лигаси кубогидан чиқиб кетди, энди эса чемпионлик пойгасидаги тўғридан-тўғри рақибга ютқазиб, уни олдинга қўйиб юборди.











