Спорт | 17:30 / 30.10.2017
14508
11 дақиқада ўқилади

Манчестер гегемонияси, Венгернинг юбилейи ва Коутиньонинг янги машмашаси. АПЛда тур воқеалари

Англия премьер лигасида ўтган дам олиш кунлари 10-тур учрашувлари ўтказилди. Бу турда ҳам Манчестер жамоалари ғалаба қилишди ва турнир жадвалида яна олдинга чиқиб кетишди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини эслатиб ўтади.

ПОЧЕТТИНОНИНГ «ОЛД ТРАФФОРД»ДАГИ АНЪАНАСИ

Турнир жадвали тўплар нисбатига кўра, «Манчестер Юнайтед» юқорироқда турган бўлса-да, бу ўйин олдидан меҳмонларнинг имконияти юқори баҳоланганди. Сабаби, лондонликларнинг етти турдан бери мағлубиятсиз бораётгани, айниқса, «Ливерпуль» ва «Реал»га қарши жуда кучли ўйинлар, ўз навбатида «МЮ»нинг сўнгги ҳафталардаги ишончсиз ўйинлари сабаб эди. Аммо ҳафта ўртасида Ҳарри Кейннинг майдонга тушмаслиги аниқ бўлгач, имкониятлар тенглашгандек бўлди. Моуриньо аслида ўз жамоасида жароҳатланганлар кўпроқ эканини таъкидлашга уринган бўлса-да, тан олиш керак, Кейннинг «Тоттенҳэм»даги ўрни муҳимроқ кўринаётганди. 

Меҳмонлар ўйин давомида бир марта ҳақиқий хавфли вазият яратишди, аммо Деле Алли бундан фойдалана олмади. Балки шу фактнинг ўзиёқ, ўйинда Кейн етишмаганини изоҳлар, аммо «Юнайтед» анъанавий тарзда рақибига жуда кам имконият тақдим этишини «Энфилд»даги ўйинда ҳам кўргандик.

Ўйин жуда кўп жиҳатдан жамоаларнинг «Олд Траффорд»да ўтган мавсум ўйинини эслатиб юборди. Мезбонлар «Тоттенҳэм»нинг ҳимоя чизиғидан ҳужумни бошлаш (Дайернинг ҳимоя марказида ўйнаганига эътибор беринг) услубини йўққа чиқарди ва ҳимоя-ярим ҳимоя боғламини кесиб қўйди.

Моуриньо шогирдлари юқори прессинг ташкил этишди, аммо буни масалан Гвардиоланинг юқори прессингига ўхшатиш қийин. Одатда Пеп ёки Клопп амалга оширадиган юқори прессингда бутун ҳимоя чизиғи ҳам анча юқори ва бошқа футболчиларга яқин жойлашади ва бундай ҳолатларда узун паслар орқали ҳимояни ёриб ўтиш мумкин. «Манчестер Юнайтед» эса, рақиб жарима майдони яқинида кўпчилик бўлиб прессинг уюштирган бўлса-да, марказий ҳимоячилар анча орқада қолди. Натижада, «Тоттенҳэм» ҳимоядан ҳужумга ўтишда қийинчиликларга дуч келди. Ҳар икки мураббийнинг ўйиндан кейинги фикрлари тўғри – Почеттино ўйин давомида тўпни ва ўйинни назорат қилганини айтган бўлса, Моуриньо «Тоттенҳэм»ни назорат қилганди. Фарқи, Моуриньо учун бу одатий ўйин бўлса, «Тоттенҳэм» ўрганиб қолган футбол учун бироз бегона эди.

Шундай қилиб, Маурисио Почеттино «Олд Траффорд»даги тўртинчи сафарини ҳам очкосиз ва ҳатто голсиз якунлади. «МЮ» эса, ўз майдонидаги барча ўйинларда ғалаба қозониб, бирорта ҳам гол ўтказмаган «кучли бешлик»даги ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, якуний натижанинг ҳақли бўлганини айта оламиз.  

«ҚАНИ СЕНИНГ МЕДАЛИНГ?»

«Манчестер Юнайтед» – «Тоттенҳэм» ўртасидаги ўйинда мезбонларнинг ветеран ўйинчиси Эшли Янги ва «Тоттенҳэм»нинг ёш иқтидорли юлдузи Деле Алли ўртасида қизиқ тўқнашув юз берди.

Футболчилар ўйин пайтида тўқнашиб кетишгач, тўп учун кураш даҳанаки жангга айланди. Алли Эшлига унинг вақти ўтганини ва тезроқ нафақага чиқишни «маслаҳат берди». Эшли Янг эса, бу вазиятда собиқ жамоадоши Робин ван Персини эслади чоғи, ёш ҳамюртига «премьер лигани ютганингда, менга хабар бериб қўярсан» деб жавоб берди.

Эсингизда бўлса, тўрт йил муқаддам Робин ван Перси ва Стивен Жерард ўртасида шундай тўқнашув бўлиб ўтганди. Ўшанда нидерландиялик ҳужумчи Жерарддан «Қани сенинг АПЛ медалинг?» дея сўраганди. Жерард эса Робинга унда Чемпионлар Лигаси медали борлигини, шунингдек, «Ливерпуль»га садоқатли бўлиб, Ван Перси каби сотқин эмаслигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 32 ёшли Эшли Янг 2011 йилда «Манчестер Юнайтед» сафига келиб қўшилган ва ўтган даврда бир марта АПЛ чемпионлиги, шунингдек, Англия кубоги ва Лига кубоги, уч марта Англия суперкубоги, ҳамда Европа Лигасини ютган.

КОУТИНЬО СЕРИАЛИ ЯНА БОШЛАНДИМИ?

Август тугаб, Филиппе Коутиньонинг «Барселона»га ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар тинди, ўз навбатида, бразилиялик футболчи ҳам сафга қайтиб, жамоа етакчиларидан бирига айланди. Аммо жамоанинг мусобақалардаги беқарор ўйинлари (масалан, охирги 10 учрашувда атиги 2 ғалаба) ва айниқса, ўтган турда Лондондаги йирик мағлубиятдан сўнг, Коутиньо мавзуси яна ўртага чиқа бошлади.

Аввалига, испан нашрлари ярим ҳимоячининг «Барселона»га январь ойидаёқ ўтиши ҳақида ва ҳатто «Ливерпуль» бу таклифга рози бўлиб, Коутиньо учун 150 миллион евро сўраётгани ҳақида ёза бошладилар. Кейин эса, гўёки, Коутиньо «ПСЖ»нинг таклифини рад этган ва фақат бир жамоага ўтиши мумкинлигини айтган. Diario Goal манбаси эса, Барселонада Коутиньо масаласида икки лагерь юзага келгани, футболчини январда сотиб олишни истаётган Месси, Велверде ва Суаресга қарши Андрес Иньеста тургани ҳақида хабарлар тарқатиб юборди.

Энди бу мавзу инглиз матбуотига кўчган. Айниқса, футболчининг худди август ойидагидек, тушунарсиз кичик жароҳатга эга бўлиб қолгани ва «Хаддерсфилд»га қарши ўйинда майдонга тушмагани мунозараларни кучайтириб юборди. Жумладан, «Ливерпуль» клубига яқин бўлган, жамоанинг собиқ футболчиларидан бири Жейсон Макетир ушбу трансфернинг амалга ошиб бўлган, деб ҳисобламоқда.

Агар жамоаларинг таркибига қарайдиган бўлсак, бу трансфернинг ҳақиқатга яқин эканини кўрамиз. Мисол учун, ноябрь ойида «Ливерпуль» сафига жароҳатлардан тикланиб Лаллана ва Мане қайтишади. Уларсиз ҳам ҳужум чизиғи Фирмино, Салоҳ, Старриж, Соланке каби футболчилардан ташкил топганини эътиборга олсак, Коутиньонинг трансфери Клопп учун катта йўқотиш бўлмаслиги, аксинча, таркиб белгилашда ортиқча бош оғриқлардан халос қилиши мумкин. Бунинг устига, трансфер натижасида кирим қилинган суммага жамоа узоқ вақтдан буён талаб этилаётган ҳимоя чизиғини кучайтириши ва ниҳоят Виржийл ван Дейкни сотиб олиши мумкин.

«Барселона» таркиби эса, гўёки, Коутиньони чақираётгандек. Эътибор берсангиз, Усмон Дембеленинг узоқ муддатга сафдан чиқишидан сўнг, каталонияликларнинг таркибида айнан Коутиньо ўйнаши мумкин бўлган позициялар энг кўп ротацияга учрамоқда. Учинчи ҳужумкор футболчи сифатида гоҳ Делофеу, гоҳ Паулиньо, гоҳ Андре Гомиш майдонга тушмоқда. Шунингдек, Коутиньо ҳаракат қилиши мумкин бўлган учинчи ярим ҳимоячи ўрнида ҳам асосий таркиб шаклланмаган ва бразилиялик футболчи томонидан тўлдирилиши учун барча шароит мавжуд. Бу эса, жамоа таркиби ўтган йилгидек, ўзгармас эмаслигини ва айнан Коутиньо учун жуда мос эканини кўрсатмоқда.   

«ВЕСТ ҲЭМ» ТАЙМ»

Билич жамоаси мусобақа аутсайдери ва шу кунгача фақат бир ўйинда гол уришга муваффақ бўлган «Кристал Пэлас» устидан 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, уларнинг ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмагани эҳтимол. Аммо иккинчи бўлим бошларида пенальтидан ҳисобни тенглаштирган мезбонлар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Заанинг зарбасидан сўнг ҳисобни тенглаштиришди.

Агар «Вест Ҳэм»нинг ушбу мавсумдаги аввалги ўйинларини диққат билан кузатиб борганимизда, балки, бундай сценарийни олдинроқ фаҳмлаган бўлармидик...

Гап шундаки, шу билан лондонликлар учинчи ўйинда сўнгги дақиқаларда очко йўқотмоқдалар. Аввалига 2-турда, «Саутҳэмптон»га қарши меҳмонда кечган ўйинда, мезбонларнинг қўшимча дақиқалардаги голи ҳисобни 3:2га етказган эди. 8-турда эса, «Бёрнли» «Вест Ҳэм»нинг бу ожиз нуқтасидан фойдаланди ва сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирди. Охирги дақиқаларгача курашиш керак, жаноб Билич!

РАҚАМЛАР

«Арсенал» «Суонси» устидан ғалаба қозониб, худди «Манчестер Юнайтед» каби ўз майдонидаги бешинчи ғалабасини қўлга киритди. Лигада энг яхши кўрсаткич. Шунингдек, лондонликлар «Эмирайтес»да барча мусобақалардаги қаторасига 13 ўйинни ғалаба билан якунладилар.

Антони Марсиял захирадан майдонга тушиб, 4 гол уришга муваффақ бўлди.

«Эвертон» барча мусобақалар доирасидаги охирги 13 ўйиннинг 11тасида мағлубиятга учраган.

«Манчестер Сити»нинг дастлабки 10 турдан сўнг 28 очко тўплаши АПЛ тарихидаги энг яхши натижадир. Гвардиола жамоаси турнир жадвалида энг яқин таъқибчиси «Манчестер Юнайтед»ни 5 очкога ортда қолдирмоқда.

Арсен Венгер АПЛдаги ўзининг 800-ўйинини ўтказди. У Алекс Фергюсон рекордини янгилашига яна 11 ўйин қолди холос.

Даниел Старриж АПЛдаги 100-голини урди.

Салоҳнинг «Ҳаддерсфилд» дарвозасига урилмаган пенальтиси «Ливерпул»нинг АПЛдаги 34-ноаниқ амалга оширилган пенальтисидир. Жамоа бу кўрсаткич бўйича етакчи бўлган «Арсенал»га етиб олди.

«Манчестер Юнайтед» урган жами голларининг 43 фоизини, яъни 10 голни сўнгги 10 дақиқаликда урган.

Габриел Жезус бир йилдан буён, аниқроғи ўзи иштирок этган 35 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти. «Манчестер Сити» ва Бразилия терма жамоасидаги ўйинлар эътиборга олинган.

«Манчестер Сити» «Вест Бромвич»га қарши ўйинда 844 маротаба тўп узатишни амалга оширди – 2003/04 мавсумдан бери энг катта кўрсаткичдир.

АПЛ турнир жадвали

Мавзуга оид