ЎФФ Ижроия қўмитасининг қарорига кўра, келаси йилдан олий лигада 12 жамоа уч даврали тизимда иштирок этадиган бўлди. Тушуниладики, олий лиганинг ўтаётган мавсумида (4 тур қолди) аввал айтилганидек, 15-16 ўриндаги жамоалар эмас, 12-16 ўринларни эгаллаган клублар якунда олий лигани тарк этадиган бўлди. Шунақа деб ёзилган.

Хабарда бу ишларнинг барчаси ўзбек футболини, хусусан миллий чемпионатимизни янада қизиқарлироқ қилиш, клубларнинг профессионаллашувини таъминлашга қаратилгани айтилиб, вазият экспертлар томонидан чуқур ўрганилгани қайд этилади. Аммо спорт принциплари ва регламентга қараб туриб, оддий кўз билан, бу қарорнинг нақадар шошилинч эканини айтиш мумкин.

Биринчидан, олий лига ўйинларини ўтказадиган ташкилот - ПФЛ, яъни профессионал футбол лигаси. Бу ташкилот профессионал клублардан ташкил топган ва ўша клублар ПФЛга бадал пули тўлайди. ПФЛнинг вазифаси ушбу клублар ўртасидаги мусобақаларни адолат ва қоидалар асосида ташкил қилиб беришдан иборат. Бу футбол алифбоси, ҳамма жойда шунақа.

Энди, иштирокчи клубларнинг сонини қисқартириш ҳақидаги қарор ҳар бир клубнинг иштирокида ва муҳокамаси остида, ҳеч бўлмаса, овоз бериш жараёни орқали қабул қилиниши керак. Мисол учун, АПЛ келаси ёздан трансфер ойнасида 31 августдан 12 августга сурди. Бу қарорга барча клубларнинг иштирокида, овоз бериш орқали келинди. Олий лигадаги жамоалари сони ва формати эса, трансфер муддатларидан ҳам кўра жиддийроқ масала эди.

Узоққа бормайлик, бир неча йил олдин ОАВда олий лига форматини ўзгартириш, айтайлик, мавсум охирида кучли олтиликнинг плей-офф ёрдамида чемпионни аниқлаши масаласи кўтарилганди. Барча клублар иштирокида мажлис бўлиб ўтган ва аксарият клублар вакиллари бундай форматни маъқуллашмаганди. ЎФФнинг бугунги Ижроия қўмитаси таркиби билан танишдим, фақат «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» клублари раҳбарлари 11талик гуруҳнинг ичига кирар экан холос. Демак, бу сафар бундай қарорни қабул қилишда бошқа клубларнинг фикри инобатга олинмаган. Инобатга олинган тақдирда, баъзи клубларнинг жавоби қандай бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Иккинчидан. Бу муҳимроқ.

Бундай қарорга нафақат клублар, бутун республика референдум орқали 98.6 фоиз овоз берган тақдирда ҳам, янги формат энг яқини 2019 йилги футбол мавсумидан амал қилиши шарт эди. Акс ҳолда адолат мезонлари бузилади.

Қаранг, мавсум бошида ПФЛ бир клубга «сен 13-ўринни олсанг, олий лигадаги ўрнингни сақлаб қоласан» деб айтмоқда. Мавсум тугашига 4 тур қолганда эса, «йўқ, сен шу ўринда қолсанг, биринчи лигага тушиб кетасан» деяпти. Тасаввур қиляпсизми, бундай ҳолатни қаерда кўргансиз?