Юқорида қайд этилган салбий ҳолат бўйича кенгроқ фикр бериш мақсадида аввало «популизм» тушунчаси ва депутатнинг ўз электорати олдидаги асосий вазифалари ҳақида гаплашсак.

1. «Популизм» нима ўзи?

Популизмга турли хил таърифлар беришга уринишлар бор, уларни жамлаган ҳолда популизмнинг қуйидаги асосий жиҳатларини баён этиш мақсадга мувофиқдир:

  • аҳолининг таҳлил қилиш салоҳияти камлигидан ўз мақсадларида фойдаланиш;
  • аҳолининг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг реал ҳолатидан бехабарлигини билган ҳолда шахсий манфаатларини рўёбга чиқаришга интилиш;
  • ғоя ва фикрларни умумий тарзда баён этиш, аниқ ва конкретликдан ўзини олиб қочиш, нореал ва амалга ошиши имкони йўқ, лекин шу билан бирга аҳолига ёқадиган таклифларни илгари суриш;
  • халқнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш орқали ўзининг сиёсат оламида машҳурлигини таъминлаш.

Хорижий тажриба ва амалиётга назар ташласак, сиёсий популизм салбий оқибатларга олиб келиши таъкидланади. Хусусан, россиялик машҳур иқтисодчи олим ва Европа популизм тадқиқотлари тармоғининг координатори С. Гуриев фикрига кўра: «Популистлар мамлакатдаги иқтисодий муаммолардан, шу жумладан ишсизлик, аҳолининг реал даромадлари пастлиги ва жамиятнинг ижтимоий табақаланиши ҳолатларидан фойдаланган ҳолда жамоатчилик қулоғига ёқадиган фикрларни ва ваъдаларни берадилар ва амалдаги бошқарув тизимини тизимли равишда танқид қиладилар».

АҚШнинг Стенфорд университети олимлари олиб борган тадқиқотларга кўра популизм – демократияни хавф остига қўядиган сиёсий муаммо ҳисобланади. Ушбу университет сиёсатшуноси А. Гжимала-Буссе таъкидлашича, популистлар расмий институтлар ва функцияларни обрўсизлантирса, демократиянинг асослари бузилишига олиб келади.

Агар ушбу назария орқали бугунги воқелигимизга қарасак, қизиқ фактларга дуч келамиз.

Мисол учун, битта депутат мамлакатдаги реал ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳолатни ҳар томонлама таҳлил қилмасдан, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақасини оиланинг моддий ҳолатидан қатъи назар барчага, яъни бой оилаларга ҳам берилишини илгари сурди.

Албатта, ушбу таклиф аҳолига маъқул келади ва ёқади, менга ҳам ёқади. Қани энди ҳар бир воқеа учун давлат аҳолига пул тарқатаверса, бу зўр-ку, буни қўллаб-қувватламайдиган одамнинг ўзи йўқ Ер шарида.

Бироқ депутат бугунги кунда 2 ёшгача бўлган болалари бор оилалар сонини, шунингдек, бюджетдан ушбу йўналишга йиллар кесимида қанча маблағ ажратилаётганини, бу таклифни амалга ошириш давлат бюджетига қанчага тушишини таҳлил қилганмикин, деган табиий савол туғилади.