Жаҳон | 08:00 / 31.10.2017
18718
4 дақиқада ўқилади

Трамп сайловолди кампанияси раҳбари Пол Манафорт 80 йилга қамалиши мумкин: у ўзи нима айб иш қилган?

Фото: AP

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси собиқ раҳбари Пол Манафорт 80 йилга қамалиши мумкин, деб хабар беради Associated Press.

Трампнинг сайловолди кампанияси собиқ раҳбари Пол Манафорт ва унинг бизнесдаги азалий ҳамкори Рик Гейтсга нисбатан 12 банддан иборат айбловлар эълон қилинган. Бу ҳақда 30 октябрда АҚШ адлия вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда билдирилган.

Илгарироқ Манафорт ва Гейтс АҚШга қарши ва пул маблағларини ювиш учун тил бириктиришда айбланаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Айблов хулосасида ёзилишича, Манафорт ва Гейтс 2006–2015 йилларда Украина манфаатларини илгари суриш учун ўнлаб миллион доллар олишган Катта тергов ҳайъати 27 октябрда эълон қилган айбловларга кўра, улар бу даврда пул ювиш билан шуғулланишган ва хорижий агентларни рўйхатга олиш ҳақидаги қонун талабларини бузишган, яна етти банд бўйича хорижий банкларда ҳисоб-рақамларга эга эканлик тўғрисидаги билдиришномаларга доир ёлғон кўрсатма беришган.

Махсус прокурор Роберт Мюллер идораси томонидан тарқатилган айблов хулосасига кўра, Манафорт ва Гейтс 2008 йилдан 2014 йилгача АҚШ ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан, Украина ҳукумати, Ҳудудлар партияси ва собиқ президент Виктор Янукович манфаатларини илгари сурувчи лоббистлик фаолияти билан шуғулланишган. 

«2008 йилдан 2014 йилгача — ҳар икки сана тахминий — Пол Манафорт ва Рик Гейтс Колумбия федерал округи чегарасида ва ундан ташқарида Украина ҳукумати, Ҳудудлар партияси ва собиқ президент Виктор Янукович манфаатлари йўлида хорижий вакиллар агенти сифатида АҚШ қонунчилиги талабига зид равишда, АҚШ бош прокурори идорасида рўйхатдан ўтмасдан онгли равишда ва қасддан ҳаракат қилишган», — дейилади айблов хулосасида.

Агентликнинг ёзишича, Манафортга 80 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда, Гейтс эса 70 йилгача қамалиши мумкин. Яқин кунларда айбланувчилар Вашингтон федерал судида жавоб беришади. CNN’нинг хабарига кўра, Манафорт аллақачон судда. 

Биринчи суд мажлисида, одатга кўра, айбланувчилар ўз айбларини рад этишади, судья эса уларга қўйилаётган жиноятларни ўқиб бериб, эҳтимолий ҳукмни айтади, шунингдек, айбланувчиларни ҳибсга олиш-олмаслик тўғрисида қарор чиқаради. 

Дональд Трамп сайловолди штабининг собиқ раҳбари ва унинг шериги, шунингдек, адлия ва молия вазирлиги фаолияти учун тўсқинлик яратиб, АҚШга қарши тил бириктиришда айбланмоқда.

«2006 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда — ҳар икки сана тахминий — Пол Манафорт ва Рик Гейтс Колумбия федерал округи чегарасида ва ундан ташқарида АҚШ [ҳукуматини] алдаш учун олдиндан тил бириктириб, давлат идорасининг, чунончи, адлия ва молия вазирликларининг ҳукумат функцияларини қийинлаштириб, ожизлаштириб ва вайрон қилиб, онгли равишда ва қасддан ҳаракатлар содир этишган», — дейилади ҳужжатда.

Айблов хулосасида сайловолди штабининг собиқ раҳбари офшор ҳисоб-рақамлари орқали 75 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ўтказилгани кўрсатилган.

Шахсан Манафорт 18 миллион доллар ювганликда айбланмоқда. У бу пулларни АҚШда хусусий мулк, товарлар ва хизматлар харид қилишда ишлатган. «У бу даромадини молия вазирлиги, адлия вазирлиги ва бошқа идоралардан яширган. Гейтс эса ўзи назорат қиладиган ҳисоб рақамларга офшор ҳисоб рақамидан 3 миллиондан ортиқ маблағ ўтказган», — дейилади айблов хулосасида. 

Мюллер кенг миқёсли масалалар, биринчи навбатда Москванинг ўтган йили АҚШда бўлиб ўтган сайловларга аралашишга бўлган уринишлари бўйича суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Дональд Трамп эса барча айбловлар Манафортнинг сайловолди штаби раҳбари бўлиб ишлагандан олдинги даврдаги фаолиятига тегишли, деб изоҳ берган.

Мавзуга оид