Reuters агентлиги 20 октябрга ўтар кечаси исми ошкор қилинмаган манбаларга таяниб хабар беришича, Ослодаги музокаралар 19–25 октябр ҳафтасида ўтказилиши кутилмоқда.

Учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский ва Стив Уиткоффдан ташқари Норвегия, Буюк Британия, Франция, Германия, Полша, Европа Иттифоқи ҳамда НАТО вакиллари қатнашиши режалаштирилган.

Шундан сўнг Уиткофф Владимир Путин билан учрашиш учун Россияга йўл олмоқчи. Манбаларга кўра, музокараларда Россиянинг Украинага қарши уруши билан бирга, Россия қамоғидаги 73 ёшли америкалик Стивен Ҳаббардни озод қилиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкин. Ҳаббард ёлланма жангчилик ва Украина Қуролли кучлари сафида хизмат қилишда айбланиб, Россияда судланган.

Одатда Уиткоффга музокараларда ҳамроҳлик қиладиган, АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер бу сафар шахсан иштирок этмаслиги мумкин. Reuters суҳбатдошларидан бирининг айтишича, Кушнер бетоб бўлиб, учрашувларга онлайн уланиши эҳтимоли бор.

Агентлик манбалари сафар ва учрашувлар режаси ҳали якуний эмаслигини таъкидлаган. АҚШ расмийлари бу маълумотларга ҳозирча изоҳ бермаган.

Зеленский 19 октябр куни Украина ва АҚШ музокарачилари яқин кунларда Норвегияда учрашиши мумкинлигини айтган, бироқ ўзининг иштирокини маълум қилмаган. У 18 октябрда Уиткофф ва Кушнер билан телефон орқали мулоқот қилган эди.