Amazon компаниясининг асосчиси ва бош директори Жефф Безоснинг молиявий ҳолати 93,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Bloomberg Billionaires Index маълумотлари шундан далолат беради.
Amazon'нинг учинчи чоракдаги юқори даромади унга 6,44 миллиард доллар келтирди, шундан сўнг Безос дунёнинг энг бадавлат кишиси номини Билл Гейтсдан "тортиб олди".
Шунингдек The Washington Post газетаси ва Blue Origin аэрокосмик компанияси ҳам Amazon онлайн-гиганти асосчисига тегишли.
Бу технологик магнатининг оддий кунлари қандай ўтади?
Безос табиий уйқу кучига ишонади. У эрталаблари етарлича дам олганини ҳис қилгач, соат қўнғироғисиз уйғонади.

Миллиардернинг куни доим турмуш ўртоғи - ёзувчи Маккензи Безос билан нонушта қилишдан бошланади.

Жефф Безос ҳеч қачон эрта тонгга учрашув белгиламайди, куннинг бу палласини у аёли ва 4 нафар фарзандига бағишлайди.

Безос расмий йиғилишларни унча ёқтирмайди. Айтишларича, у Amazon сармоячилари билан учрашувларга йилига атиги 6 соат ажратади.

Агар йиғилишсиз иложи бўлмаса, Безос "икки пицца қоидаси"ни қўллайди: иштирокчилар сони шундай бўлиши керакки, уларни икки пицца билан тўйдириш мумкин бўлсин.



























