Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Мамлакатимизда ҳунармандлик азалдан яхши ривожланган. Болаликдан ҳунар ўрганиш, яратган маҳсулоти ва меҳнати билан одамларга наф келтириш халқимизнинг миллий қадриятига айланган. Ҳунар турлари асрлар давомида кенгайиб, янги йўналишлар ва мактаблар билан бойиб борган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда ҳунармандликнинг 34 тури мавжуд.
Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлар самарасида ҳунармандлик равнақига кенг йўл очилди. Республика «Ҳунарманд» уюшмаси, жойларда эса унинг бўлимлари ташкил этилди. Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзлари яратган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳунармандлар марказлари фаолият юритмоқда, бозорлар ва савдо мажмуаларида махсус савдо расталари ташкил этилган.
Ҳунармандлик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулолалар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Улар «устоз-шогирд» анъанаси асосида ёш авлодга ўргатилмоқда.
Ҳунармандлик харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Йиғилишда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, бунинг учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, «Микрокредитбанк» раҳбарлари ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналаридан келиб чиқиб, туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳунармандга етиб бориш вазифаси қўйилди.
Ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга бўш турган биноларни имтиёзли равишда бериш, асбоб-ускуна ва хомашё материаллари билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

















