
5 ноябрь куни Саудия Арабистонида қироллик оиласининг бир неча аъзоси ҳамда ўнлаб собиқ ва амалдаги давлат амалдорлари қўлга олингани ҳақида маълум бўлди. Бу ишларнинг бари куни кеча мамлакатда эълон қилинган коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилган. Қўлга олинганлардан бири — Саудиянинг энг йирик ишбилармони ва Citigroup ҳаммуассиси, Саудия Арабистонига хос бўлмаган либерал қарашлари билан танилган Ал-Валид бин Талал. Рўй бераётган ҳодисаларнинг энг кўп тарқалган версиясига кўра, Саудия тахти вориси Муҳаммад бин Салмон шу йўл билан ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлайди. "Медуза" нашри Саудия Арабистонида нималар содир бўлаётганига доир мақоласи билан бўлишди.
Нима бўлди?
Якшанбага ўтар кечаси Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да 11 шаҳзода ва ўнлаб собиқ ҳамда амалдаги вазирларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қўлга олинганларнинг аниқ сони ва исми шарифи номаълум, бироқ саудиялик амалдорлардан бирининг таъкидлашича, уларнинг орасида дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Ал-Валид бин Талал ҳам бор, уни саҳродаги лагерда қўлга олишган.
Қўлга олинганларни нимада айблашмоқда - охиригача маълум эмас, бироқ афтидан гап коррупция ҳақида кетмоқда. Қўлга олишдан бир неча соат олдин мамлакатда қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд фармони билан Аксилкоррупция қўмитаси тузилган, уни қиролнинг ўғли, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошқарадиган бўлди. Қиролнинг ўзи миллий телевидениеда чиқиш қилар экан, "қонун жамиятнинг пулига кўз олайтирган ва уни ҳимоя қилмаган, ёки уларни ўғирлаган, ё бўлмаса ўз амали ва таъсирини суистеъмол қилган ҳар бир кишини қоралайди", деб айтган.
The New York Times'да хабар берилишича, Саудия пойтахти Ар-Риёддаги Ritz Carlton меҳмонхонасининг бутун персонали шанба куни эвакуация қилинган; тахминларга кўра, у ерга қўлга олинган шаҳзодалар ва амалдорлар жойлаштирилиши мумкин. Газета шунингдек пойтахт аппарати хусусий самолётларга ёпиқ бўлганини, мамлакат ҳукумати шу йўл билан бошқа эҳтимолий гумондорларга халақит бермоқчи бўлганини қайд этмоқда.
Бунга параллел равишда Миллий гвардия раҳбари - собиқ қирол Абдуллоҳнинг ўғли Митеб истеъфога чиқарилган. У тахт вориси Муҳаммаднинг таъсир доирасига кирмаган кам сонли саудиялик олий мартабали амалдорлардан бири ҳисобланган.
















