14:45 / 07.11.2017
21374

Бу сафар ноябрда. Тошкентда иситиш мавсуми аввалги йиллардагидан кеч бошланмоқда

Фото: «Зелёний город»

Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми 10 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

7 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими «Тошкент шаҳрида 2017—2018 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш тўғрисида»ги 1494-сонли қарорга имзо чекди.

Ушбу қарорга кўра, «Тошкент иссиқлик электр маркази» АЖ, «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК, «Тошиссиққуввати» ДУКга марказлашган иссиқлик тизимининг барча қисмларини текшириш имкониятини таъминлаш учун 9 ноябрдан Тошкент шаҳар иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракатини ишга тушириш вазифаси топширилди.

Қарорда иссиқлик таъминоти, ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари томонидан пойтахтда иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун туман ҳокимликлари назорати остида 10 ноябрдан бошлаб ижтимоий соҳа объектлари (таълим ва тиббиёт муассасалари)да, синов тариқасида, турар-жой бинолари 12 ноябрдан мунтазам иситишга киришишни ташкил этиш топширилган.

Шунингдек, «Тошкент иссиқлик электр маркази» АЖ, «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК, «Тошиссиққуввати» ДУКга Тошкент шаҳрида 2017—2018 йилги иситиш мавсуми даврида узлуксиз табиий газ, сув таъминоти ва электр энергиясини етказиб бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми 19 октябрдан 2015 йилда эса 22 октябрдан бошланганди.

Top