Фан-техника | 18:30 / 08.11.2017
26175
2 дақиқада ўқилади

Олимлар уйдаги Wi-Fi сигналларини кучайтириш усулини топишди

Фото: CC0 / 3844328 / Wireless

АҚШнинг Дартмут коллежининг бир гуруҳ тадқиқотчилари бир неча хоналардан иборат иншоотларда Wi-Fi сигналларини қандай бошқариш усулини топишди, деб хабар қилмоқда TechXplore.

Олимларнинг қайд этишларича, ҳозирда муаммони Wi-Fi антеннасини йўналтириш билан ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу каби қурилмалар анча қиммат ва фойдаланишда мураккаб. Шу боисдан ҳам олимлар уй шароитида ясаш мумкин бўлган қурилма устида бош қотиришди.
 
Тадқиқот ҳақидаги мақолада ёзилишича, сигнални бир томонлама кучайтириш учун алюминий пластинани антеннанинг иккинчи томонига жойлаш лозим бўлади. Бунинг учун масалан газланган ичимликнинг алюминий идиши қўл келади. 

Олимлар шундай рефлектор (қайтаргич)ни моделлаштириш учун компьютер алгоритмини ёзишди. У иншоот ҳажми, Wi-Fi уланиш нуқталари ва сигнал йўналишларини аниқлаб олиш имконини беради. Ушбу созламалар асосида технология ярим соат ичида рефлектор учун оптимал шаклни ҳисоблаб чиқади. Шундан сўнг, уни 3D-принтерда чоп этиш мумкин бўлади. 

"Симсиз қайтаргич фойдаланувчи созламалари асосида чоп этилади ва 35 долларга тушади. Шу билан қурилма 1000 долларлик антеннани бозордан сиқиб чиқариши мумкин", — дейди Дартмут коллежи доценти Ся Чжу.

Қайтаргич технологияси сигнални кераксиз жойларда 10 децибелгача пасайтириш мумкинлигини исботлади. Бундан ташқари керакли жойдаги сигнал кучи 6 децибелгача кучаяди. Шу билан бирга, у сигнални тарқатишни камайтиради ва бузиб киришнинг олдини олади. 

Мавзуга оид