Жефф Безос Ерни қутқариш учун нима қилиш кераклигини айтди
Amazon асосчиси ва раҳбари ҳамда Blue Origin аэрокоинот компанияси эгаси Жефф Безос ўтган дам олиш кунлари коинотни ўзлаштиришга бағишланган Лос-Анжелесдаги саммитга ташриф буюрди ва унда нутқ сўзлади. У ўз нутқида Ерни қутқариш учун коинотни иложи борича тезроқ ўзлаштириш кераклигини айтган. Унинг таъкидлашича, коинотга парвозлар қанчалик арзонлашса, уни шунчалик тезроқ ўзлаштириш мумкин бўлади.
Кўринишича, Безосни Қуёш тизимини забт этиш бутун сайёра бўйлаб маҳсулотлар етказиб бериш билан боғланган кўп миллиардлик бизнесидан кўпроқ қизиқтиради.
“Биз тизимимиздаги кўплаб сайёларга роботлаштирилган зондлар юборганимиз шубҳасиз қувонтиради, бироқ бу коинотни забт этишнинг ҳали боши ҳам эмас”, деб айтган Безос.
Коинотни ҳақиқатан тадқиқ қилиш учун шундай қилиш керакки, юз минглаб, миллионлаб одамлар коинотда яшаб, ишлашлари лозим. Ҳозирда эса буни амалга ошириш мураккабдир. Тадбиркорнинг фикрича,бунда асосий муаммо коинот радиацияси ёки гравитациянинг йўқлиги эмас, балки коинотга парвозлар нархи ҳисобланади. Безоснинг айтишича, айнан шу ҳолат коинотни ўзлаштириш учун кейинги қадамни амалга оширишни иложсизга чиқаради.
Миллиардер барчани коинот парвозлари нархини камайтириш устида ишлашга чақирди. Бу эса ўз навбатида коинот сайёҳлари, юзлаб стартаплар, вазнсизликда ишлаб, пул топмоқчи бўлганлар, коинот инфратузилмасини ривожлантирмоқчи ва янги, ноодатий шароитларда яшашни ўрганмоқчи бўлганларнинг пайдо бўлишига имкон беради.
Безоснинг фикрича, кўп маротаба ишлатиш мумкин бўлган ракеталар коинот парвозларини арзонлаштиришдаги илк қадам ҳисобланади ва шу сабабли келажак SpaceX ва Blue Origin каби компаниялар қўлидадир.