2017 йилнинг 8 ноябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Автомобиль йўллари: инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати
Мустақиллик йилларида республикамиздаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар натижасида умумий фойдаланишдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг мавжуд кенг тармоғи иқтисодиёт ва аҳоли талабларига асосан жавоб бериб, республика ичидаги ва халқаро автомобиллардаги ташиш хизматларида хавфсиз транспорт алоқасини таъминлашга, йўлларнинг жаҳон транспорт тизимига янада кўпроқ интеграциялашувига хизмат қилмоқда.
2017 йилда амалга оширилган ислоҳотлар соҳа ривожида муҳим омил бўлди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида — йўл инфратузилмаси қурилиши ва реконструкция қилинишини давом эттириш, энг аввало, минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, аҳоли пункти кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш вазифалари белгилаб берилган.

Автомобиль йўллари қурилиши ҳамда таъмири сифатига ёндашув тубдан ўзгарди. Шу мақсадда — замонавий транспорт қатновини инобатга олган тарзда, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ўзида акс эттирган, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш, бу ишларни молиялаштириш масалаларини ўзида қамраб олган комплекс тизим ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизнинг жўғрофий жойлашуви — йўловчи ва юкларнинг транзит ташишини амалга оширишда барча йўналишлар бўйича, жумладан, денгиз портлари томон энг қисқа ҳаракатлануви учун ҳам қулай имконият беради. 2017 йилда транзит транспортлари учун муҳим қон томир вазифасини ўтовчи — замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, уларни комплекс равишда қайта қуриш ва таъмирлаш йўлида аниқ тизимли вазифалар амалга оширилди.
Жумладан, йил охирича Ўзбек миллий автомагистрали таркибидаги 260 км автомобиль йўллари замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган тарзда реконструкция қилинади. Шу даврга қадар эса умумий фойдаланувда бўлган 155,2 км автомобиль йўллари капитал таъмирланди, худди шу таснифдаги 2.350 км автомобиль йўлларининг устки қатламларида жорий таъмир ўтказиш йўли билан уларнинг равонлиги ва ўтувчанлиги таъминланди.















