Жаҳон | 12:55 / 13.11.2017
6935
1 дақиқада ўқилади

Туркияда ИШИД тарафдорлари ушланди

Фото: Reuters

Туркия полицияси якшанба, 12 ноябрь куни Истанбулда ИШИД террорчилик гуруҳи билан алоқадорликда гумонланган 32 инсонни ҳибсга олди. Қўлга олинганларнинг барчаси – хорижий давлатлар фуқаролари, деб хабар бермоқда Anadolu агентлиги. Шу билан бирга, уларнинг миллати очиқланмаган.

Ҳибсга олишлар Истанбулнинг олти туманида ўтказилган полиция рейдлари давомида амалга оширилди. Тинтувлар чоғида ҳужжатлар, шу жумладан рақамли қурилмалардан ҳам топилди.

Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сўнгги ҳафталар ичида ИШИДнинг мамлакат ичидаги эҳтимолий тарафдорлари билан кураш чораларини кучайтиришди. Жума, 10 ноябрнинг ўзида қатор шаҳарларда 109 киши қўлга олинди, улар ИШИД билан алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ушбу шахслардан 82 нафари хорижлик экани айтилмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлунинг маълум қилишича, турк полицияси сўнгги бир йил давомида ИШИДнинг 4000 тарафдорини қўлга олган. Улардан 1129 нафари қамоққа олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид