13 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақида Президент матбуот хизматида хабар берилди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолияти самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиб, соҳада ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги фабрикалар қуриш бўйича вазифалар белгилаб берган эди.
Шунга мувофиқ, ер қаърини комплекс геологик ўрганиш ҳамда узоқ истиқболга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ишлари янги босқичга чиқди. Жорий йилнинг ўзида Президентнинг соҳага оид беш қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида ягона геология хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ соҳада янги тизим яратилди.
Ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, кончилик муносабатларини бошқариш, минерал-хомашё базасини жадал ривожлантириш ва қайта тўлдирилишини таъминлаш, хомашёнинг янги турлари ва конларини қидириш, геология-қидирув ишларига замонавий услуб ва юқори технологияларни жорий қилиш, кадрлар малакасини ошириш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Навоий кон-металлургия комбинатининг «Қимматбаҳо металлар ва уран геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Рангли металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази қўмита таркибига ўтказилди. Бугунги кунда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таркибида 32 ташкилот 4 йўналиш бўйича фаолият юритмоқда.
Қўмитанинг вазифа ва ваколатлари кенгайди, янги конлар топиш ва захираларни кўпайтиришга қаратилган салоҳияти ошди. Геологик ўрганилаётган фойдали қазилма турларининг сони 12 дан 35 га етди.
Геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида соҳа изчил модернизация қилинмоқда. Лаборатория-таҳлил ускуналари янгиланмоқда. Масалан, илгари руда таркибидаги 32 элемент аниқланган бўлса, янги замонавий технологиялар самарасида бугунги кунда 74 фойдали модда аниқланмоқда.






