Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб фуқароларнинг истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига табрик йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
“Шу кунларда кўп миллатли халқимиз корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 80 йиллигини нишонламоқда.
Ўтган асрнинг муҳтожликка йўғрилган ғоят мураккаб даври – 30-йилларида шафқатсиз сиёсий тузум тазйиқи остида ўн минглаб корейслар Узоқ Шарқдан Ўзбекистон заминига келиб қолишган. Ўзбек халқи ўзига хос олижаноблик ва бағрикенглик билан тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган корейсларга меҳр кўрсатди, бағрига олиб, бошпана берди.
Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади.
Биз корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаймиз.
Улар юртимиздаги чўлларни ўзлаштиришда фаол иштирок этди, қийин шароитларда қўриқ ерларга ишлов берди, ернинг тилини биладиган омилкор деҳқон сифатида кейинчалик энг илғорлар қаторидан жой олган хўжаликлар барпо этди.
Корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг шонли ва фидокорона меҳнати, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий топиши ва фаровон бўлишига қаратилган бунёдкорлик фаолияти мамлакатимиз эришган ютуқлар солномасида ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Мамлакатимизда катта обрў-эътибор қозонган 283 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.
Улар орасида депутатлар, ҳукумат аъзолари, хизмат кўрсатган фан, маданият ва санъат арбоблари, юқори малакали мутахассислар бор. Булар қаторида таниқли қишлоқ хўжалиги ходимлари Ким Пен Хва ва Хван Ман Гим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ва бошқаларни алоҳида эътироф этиш керак.















