Россиянинг «Тосно» клуби яримҳимоячиси Вагиз Галиулин Россиянинг «Советский Спорт» нашрига интервью берди.

Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлган футболчи суҳбат давомида Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятсизлиги, терма жамоага нега чақирилмагани ва бошқалар ҳақида гапириб берди.

«Ўзбекистон ЖЧ-2018га чиқишига ишонгандим»
– Терма жамоалар ўртоқлик учрашувлари учун танаффус бўлди. Сиз 2012 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоасига чақирилмайсиз. Яна таклиф қилишлари мумкин деган умидингиз борми?
– Ўзбекистонлик журналистлар ҳамон бу борада менга савол бериб келишади. Мен ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман. Терма жамоада мен учун нохуш ҳолатлар бўлганди ва шу сабабдан мени шунча вақтдан буён чақирмай қўйишганди. Ҳозир ўша одамлар йўқ ва мен чақирувни кутмоқдаман. Кўрамиз қандай бўларкин? Агар терма жамоага мос ҳаракат қилсам – ўйлайманки, мени таклиф қилишади.

– Нохуш ҳолатлар деганда нимани назарда тутдингиз?
–  Бу ҳақида гапира олмайман. Ўша ҳолатни оммага маълум қилишим тўғри эмас, деб ўйлайман.

– Ҳозир сизни таклиф қилишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқми?
– Ҳа, аммо терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмагани учун у ерда барчаси ўзгарди. Янги одамлар келишди, уларнинг олдига янги вазифалар қўйилади. Ҳозир вақтинчалик мураббий тайинлашган, кейин янгисини тайинлашади. Ҳозирча терма жамоа олдига қандай вазифа қўйилгани аниқ эмас. Натижаларни кузатамиз ва кутамиз.

– Терма жамоангизни кузатиб бориш сиз учун қизиқми?
– Албатта. Мен барча ўйинларни кўриб бораман, у ерда дўстларим тўп суришади. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун шундай имкониятни бой берганимиз жуда аламли бўлди. Битта гол етишмади.

– Қайсидир вақтда терма жамоангизнинг Россиядаги мундиалга йўл олишига ишонганмидингиз?
– Ҳа, 90 фоизга ишончим комил эди. Хитойга кутилмаганда 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди ва бу турнир жадвалидаги ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборди. Уйда Жанубий Кореяни ҳеч бўлмаса 1:0 ҳисобида ютиш керак эди. Биламан, Ўзбекистон хитойликлардан анча кучли, аммо улар кўп вазиятлардан фойдалана олишмади ва якунда гол ўтказиб юборилди. Жанубий кореяликлар бизга нисбатан кучлироқ, аммо уларни ютишимиз шарт бўлиб қолганди, ўйинда дуранг қайд этилди ва биз мундиалдан қуруқ қолдик.