«Трибуна» Испания примерасининг 12-туридаги асосий воқеаларни эслаб ўтади.

Нолли дерби ва Гризманн манзилига ҳуштакбозлик

Испания нашрлари турнинг марказий учрашуви бўлиши кутилган Мадрид дербиси «Барселона» ғалаба қилгани ҳақида бот-бот ёзишмоқда. Буни инкор этиш қийин, Мадриддаги голсиз дуранг туфайли (бу икки жамоа ўртасидаги учрашувларда 12 йилдан буён илк марта қайд этилган натижа, «Атлетико» майдонида эса бундай ҳисоб охирги бор 1993 йилда қайд этилган) бу турда «Леганес» устидан ишончли ғалабага (3:0) эришган «Барселона» турнир жадвалида Мадрид жамоаларини 10 очкога ортда қолдириб кетишига замин яратди.

Пойтахт клублари кучли таркибга эга бўлсада, уларнинг бу мавсумдаги чемпионлик учун имкониятлари кескин пасайиб кетди. «Реал» илк бор Зидан бошчилигидаги ўйинларда сафарда гол ура олмади. 3 йилдан буён жамоани бошқараётган франциялик мутахассис бу вақт ичида Ла Лига доирасида 35 учрашувни сафарда ўтказган ва ҳеч қачон майдонни голсиз тарк этмаганди.

«Реал»нинг «Ванда Метрополитано»да ғалаба қозонишга бўлган умидлари Серхио Рамоснинг бурни каби синди, «Реал» футболчиси Тео Эрнандеснинг укаси Лукас Эрнандес ўз жамоаси жарима майдонида унинг бошига оёқлари билан тепиб юборди ва сардорнинг юзи қонга беланди. Натижада танаффусда Зидан уни алмаштиришга мажбур бўлди, энди у бугун ЕЧЛ доирасида «АПОЭЛ»га қарши ўйинда майдонга махсус ниқоб таққан ҳолда тушади. 

Бу вазият ўйиннинг энг кўп муҳокама қилинган эпизоди бўлди - «қаймоқранглилар» жамоаси футболчилари Эрнандесга жазо талаб қилишди, аммо ҳакам Фернандес Борбалан бу вазият қасддан содир этилмагани, шу туфайли на пенальтига, на карточкага ҳожат борлигини қатъий таъкидлади. «Реал» томони эса ўйин давомида ҳакам 3-4 марта «Атлетико» фойдасига қарор чиқарганини иддао этди. 

Ижтимоий тармоқларда эса аввалги дербида Рамос Эрнандеснинг бошига тирсаги билан қандай урганини эслашди.

Бу ўйинда икки жамоанинг етакчилари ҳам нурсиз ўйин кўрсатишди. Антуанн Гризманн сочини олдирган бўлсада, унинг ўйини яна ўхшамади. Бу сафарги голсиз ўйин у учун қаторасига саккизинчи ўйин бўлди ва у майдонни мухлисларнинг норозилик ҳуштаклари остида тарк этди.