22 ноябрь оқшомида Европа Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичининг 5-тури якунланди. Натижалардан сўнг, 8 жамоа расман кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлишса, қолган 8 ўрин учун 14 жамоа кураш олиб бормоқда. Демак, 10 жамоада баҳорни ушбу турнирда бошлаш учун умуман имконият қолмаган.

А ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 2

Имкониятлар: «МЮ» – 99 фоиз, «Базель» – 61 фоиз, ЦСКА – 40 фоиз

Европа Лигасига: ЦСКА

Сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетган «Базель» Москвада «Бенфика» устидан ғалаба қозонган ЦСКА имкониятларини пасайтириб юборди. Энди руслар сўнгги турда швейцарияликлардан кўпроқ очко тўплашлари керак бўлади. ЦСКА 6-турни «Олд Траффорд»да ўтказишини инобатга олсак, бу жуда ҳам қийин.

«Манчестер Юнайтед» 12 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди ва айтиш керакки, деярли плей-офф масаласини ҳал қилдилар. «МЮ», «Базель», ЦСКА жамоалари бир хил 12 очкодан қўлга киритган тақдирларида ҳам, аввало, шу уч жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинларга қаралади. «МЮ»да асосий рақиблар билан ўйинларда тўплар нисбати +5, «Базель»да -1, ЦСКА да эса, -4. Демак, «МЮ» олти тўп фарқ билан мағлубиятга учрамаса, гуруҳда қолиб кетмайди. Ҳатто 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан ҳам Моуриньо шогирдлари гуруҳдаги 1-ўринни сақлаб қоладилар.

Кейинги тур: «МЮ» – ЦСКА, «Бенфика» – «Базель»


В ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: Йўқ.

Гуруҳ ғолиблари: «ПСЖ», «Бавария»

Европа Лигасига: «Селтик»

Ушбу гуруҳдан плей-оффда қатнашадиган жамоалар қуръа пайтидаёқ аниқ бўлиб улгуришганди. Шундай бўлди ҳам. Сўнгги тур фақат гуруҳ ғолибини ва Европа Лигаси йўлланмаси соҳибини аниқлаб беради.

Немислар гуруҳда 1-ўринни эгаллаш учун ўз майдонларида «ПСЖ» устидан тўрт гол фарқи билан ғалаба қозонишлари керак бўлади. Ўз навбатида, «Андерлехт» Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун «Селтик»ни ўша ҳисобда мағлуб этиш керак. Зеро шотландияликлар Бельгияда 3:0 ҳисобида устун келгандилар.