Жаҳон | 08:50 / 23.11.2017
30608
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Саудия Арабистонида ҳибсга олинган шаҳзодалар қийноққа солинмоқда

Саудия Арабистонида ноябрь ойи бошида ҳибсга олинган қироллик уйи аъзолари ва тадбиркорлар АҚШнинг хусусий ҳарбий компанияси ходимлари томондан қийноқларга солинмоқда. Бу ҳақда Daily Mail нашри маълум қилди. 

“Уларни калтаклашмоқда, қийнашмоқда, ҳақоратлашмоқда. Уларни синдирмоқчилар”, деб маълум қилган қиролликдаги манба нашрга.

Газета маълумотларига кўра, ушбу ҳаракатларни АҚШнинг Academi хусусий компанияси ходимлари амалга оширишмоқда. “Ҳибсга олинганлар ушлаб турилган меҳмонхона ташқарисида Саудия махсус хизматларининг зирҳланган машиналарини кўриш мумкин, бироқ ичкарида ҳарбий компания ҳаракат қилмоқда”, деб маълум қилган манба.

Мақолада номи тилга олинган компания қийноқларга алоқаси йўқлигини, бундай ҳаракатлар АҚШ қонунчилиги билан тақиқлаганини таъкидлаган. “Биз Саудия Арабистони қироллигида хавфсизликни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатмаймиз, биз улар билан алоқага кирмаганмиз ва бирорта ҳам расмий шахс ёки хусусий томон билан алоқага эга эмасмиз”, деб айтган компания вакили.

Бу орада газетанинг таъкидлашича, шаҳзодалар ҳибсга олинишига олиб келган аксилкоррупцион кампания ташаббусчиси бўлган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг шахсан ўзи сўроқларда иштирок этмоқда. Нашр маълумотларига кўра, у ҳибсга олинганлардан 194 млрд доллар мусодара қилган.

5 ноябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг коррупцияга қарши курашиш олий қўмитаси 11 шаҳзода ва 30 га яқин амалдаги ва собиқ вазирлар ва тадбиркорларни коррупция айблови бўйича ҳибсга олишга изн берган. Янги қўмита валиаҳд шаҳзода фармонига кўра ташкил этилган. Кейинроқ ҳаммаси бўлиб 208 киши ҳибсга олиниб, сўроқ қилингани маълум қилинган.

Мавзуга оид