Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 20га яқин учрашувлар ўтказилиб, тажриба алмашинуви, Ўзбекистонда экспериментал тарзда болалар боғчаларини очиш, биргаликда кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишлар олиб бориш имкониятларини ўрганиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
Сафар доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Кореянинг қатор мактабгача таълим ва бошқа турдаги муассасаларига ташрифлар уюштирилди ва уларнинг фаолияти ўрганилди, жумладан боғчаларнинг ўзига хос жиҳатлари, қўлланилаётган таълим бериш услублари, молиялаштириш ва тўлов тизимлари, педагогик ходимларнинг малака даражаси ва хизмат шароитлари, озиқ-овқат ва моддий-техник таъминот ҳамда соҳаларига тегишли дастурлар ва услублар атрофлича ўрганилди.
Педагоглар фаолияти учун максимал қулай шароитларнинг яратилгани, педагогнинг ижодий эркинлиги, катта ҳажмдаги ҳисоботларнинг йўқлиги, давлат боғчалари педагоглари ижтимоий статусининг юқорилиги, болалар ўзларини намоён қилишлари учун яратилган ижодий муҳит, жумладан хоналарнинг ҳатто кичик деталларигача қулай дизайни ва жиҳозлангани, улар учун бой адабиётлар ва ривожлантирувчи ўйинларнинг мавжудлиги, эрта болаликдан жамиятда ўзини тутиш ва шахсий гигиена кўникмаларини тарбия қилиш каби алоҳида жиҳатлар Корея мактабгача таълим тизими муваффақиятининг асосини ташкил этади.
Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат, давлат жамиятнинг энг ҳимояланмаган қатламлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон болаларга, биринчи навбатда ғамхўрлик кўрсатади ва боғчаларга қабул давомида уларга устуворлик принципини қўллайди ва шу сабабли ҳам, Кореяда инклюзив таълим принциплари таҳсинга сазовордир.
Кореянинг таълим тизимига кадрлар тайёрлашга ихтисослашган ва тасарруфида мактабгача таълим муассалари бўлган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Санмёнг Университети, (Sangmyung University) ҳамда Чунг-Анг Университети (Chung-Ang University) билан Ҳадли келишувлар имзоланди, шунингдек Чоннам Миллий Университети (Chonnam National University) билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Келишувлар ва Меморандум доирасида қуйидаги соҳалардаги ҳамкорлик назарда тутилган: талабалар, илмий-педагогик ва бошқарув мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувлари, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга қаратилган чоралар, жумладан энг янги дастурлар ва услубларни жорий қилиш, ҳамкорликда тадқиқотлар, конференциялар, кўргазма ва семинарларни амалга ошириш, мактабгача таълим мутахассисларини тайёрлаш бўйича махсус қўшма магистрлик ва докторлик дастурларини ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистонда экспериментал равишда Корея тизимига асосланган экспериментал боғчаларни ташкил этиш каби муҳим вазифалар назарда тутилган.

















