Жаҳон | 10:03 / 27.11.2017
6401
2 дақиқада ўқилади

Ҳондурасда амалдаги президент ўзини сайловларнинг ғолиби деб эълон қилиб қўя қолди

Фото: AFP

Ҳондураснинг амалдаги президенти Хуан Орландо Эрнандес ўзини якшанба куни бўлиб ўтган давлат раҳбари лавозими учун сайловларнинг ғолиби деб эълон қилди. У тегишли натижалар эълон қилинишини кутиб ҳам ўтирмаган. 

Мексиканинг Financiero портали хабарига кўра, Эрнандес овозларнинг 44 фоизини олган, унинг асосий рақиби, мухолиф альянсдан номзод – Сальвадор Насрулло эса тахминан 35 фоиз. Овоз беришнинг якунлари ҳақида расмий маълумотлар ҳозирча йўқ.

Мухолифат Эрнандеснинг ғалабасига шубҳа қилаётганини маълум қилди. Мухолиф альянс маълумотига кўра, Насрулло учун сайловчиларнинг қарийб 45 фоизи ўз овози берган бўлса, амалдаги президент учун – атиги 34 фоиз. Ҳондурас президентлиги учун исталган номзоднинг ғалаба қозонишига кўпчилик овозларни олиши етарли бўлади.

Эрнандеснинг биринчи мандати 2018 йилнинг январида тугайди. Аввалроқ президент умумий сайловларда Миллий партиядан номзод бўлишга рози бўлганди, бу конституция бир кишига кетма-кет икки марта ўз номзодини қўйишни тақиқлаганига қарамай юз берган. 

Мавзуга оид