Спиртли ичимликларга ружу қўйишнинг оқибати аянчли бўлиши табиий. Турли даражада тан жароҳати етказишдан тортиб бировнинг умрига зомин бўлишгача, аксарият жиноий қилмишлар айнан мастлик ҳолатларида содир этиляпти.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Турғунбойнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўл телефонига кечки пайт ўртоғи Абдумажид қўнғироқ қилди. Улар Марғилон шаҳрининг “Деҳқон бозори” ёнида кўришишди. Маслаҳатлашиб, Фарғона шаҳридаги “Гранд” қаҳвахонасига йўл олишди. Турғунбой таниш қиз билан телефонда гаплашди. Сожидахон ва дугонаси Мастурахон қаҳвахонага кириб келишди. Турғунбой телефонда ўртоқлари Сайфулло ва Исомиддинни ҳам чақириб олди. “Коньяк” ичиб, чақчақлашиб ўтиришди. Машинасини миниб келган Исомиддин ичмади.
- Бу қизлар ким, - деб сўради.
- Танишларим, мен таклиф қилдим, - деди Турғунбой.
Абдумажид мусиқа буюриб, қизларни рақсга тортди. Турғунбой ҳам ўйинга қўшилди. Четроқдаги столда ўтирган уч оғайнилардан бири орага суқилди. Афтидан кайфи тароқ йигит қизлардан бирига гап отди. Қизлар Турғунбой билан ҳовлига чиқишди. “Ҳаддингиздан ошманг ака”, Абдумажид нотаниш йигитга ҳезланди. Сайфулло унинг енгидан тортиб ўтқазиб қўйди. “Бизни шаҳарда яйрайлик, дебсизларда”, дея нотаниш йигит жойига қайтди. Исомиддиннинг кўнгли ғаш тортиб, шартта ўрнидан турди.
- Бўлди, зарур ишим бор, машинани юрғизиб тураман, - дея ташқарига юрди.
Ортидан Турғунбой чиқиб, “Матиз”нинг олд ўриндиғига ўтирди.
- Битта гапдан қолса, асакаси кетармиди, - деди машинасини ўт олдирган Исомиддин. – Сан-манга бориб...
- Тўғри қилди, даврамизга суқилган сурбетни силтаб ташлади, - Турғунбойнинг ҳам кайфи тароқ эди.
Бирданига жанжал-тўполон кўтарилди. “Уришишяпти-ю”, дея Турғунбой ичкарига чопди. Исомиддин ортидан югуриб борди. Қаҳвахона ҳовлисида Абдумажиднинг бўйнидан қон оқаётганди. Уни “Матиз”га ўтқазишди. Исомиддин Абдумажидни шифохонага элтиб қўйди. “Яқинларига хабар беринг”, дейишди унга. Исомиддин уйини топа олмай, шифохонага қайтиб келди. “Ишқилиб, омон қолсин-да”, дея юрагини ҳовучлади.
***
Фарҳоджон уйланаётган эди. Раимжон, Аҳлиддин ва Топиволди унинг хонадонида, тўйда битта шишани бўшатишди.
- Юринглар, мен эрийман, - деди Раимжон.
Тўйхонадан чиқиб, дўкондан пиво олиб ичишди. Буям камлик қилди. Кечқурун соат тўққизларда шу яқиндаги “Гранд” қаҳвахонасига кириб боришди. Раимжон официант қизга буюртма берди. Тағин “юзта-юзта”дан ароқ ичиб ўтиришди.











