Стоматитни қандай даволаш мумкин?
Оғизда "ёнғин" турса, уни музқаймоқ билан ўчиринг. Бу стоматитга қарши энг яхши восита.
Стоматит нима ўзи?
Стоматит — бу оғиз бўшлиғи: тил, ёноқларнинг ички томони, томоқ яллиғланишининг умумий номи. Ёқимсиз ҳиссиётлар сизнинг овқатланишингиз, сув ичишингиз, суҳбатлашишингиз ва оғриқ кучли бўлса, ҳатто ухлашингизга ҳам халақит бериши мумкин.
Стоматит бир неча кўринишда бўлади:
- Афтлар — шиллиқ қаватдаги кичик ярачалар, баъзан тилда ҳам пайдо бўлади. Улар оғриқли доира шаклидаги оч рангли доғлар кўринишида бўлади, бундай ярачалар 5-10 кун ичида ўз-ўзидан тузалади. Баъзан бундай доғлардан бир нечта бўлиши мумкин.
- Лабларнинг яллиғланиши. Учуқ чиқиши ҳам стоматитга киради.
- Ёриқлар. Баъзан яллиғланиш жараёни шундай кечадики, ярачалар ҳосил бўлмайди, лекин шиллиқ қават анча зарар кўради.
Стоматит нима учун пайдо бўлади?
Сабаби кўп: бу турли инфекциялар, жароҳатлар ёки юқумсиз касалликлар бўлиши мумкин.
Қуйида стоматитнинг баъзи сабаблари келтирилади:
- Инфекциялар. Вируслар, бактериялар, замбуруғлар - буларнинг барчаси шиллиқ қаватларда яшайди ва турли органлар касалликларини келтириб чиқариши мумкин, уларда бирйўла оғиз бўшлиғи ҳам азият чекади. Доимо оғзига нарса солувчи болаларда ҳам кўпинча стоматит кузатилади. 2017 йилнинг ёзида барчани қўрқитган Коксаки вируси ҳам стоматитни келтириб чиқаради.
- Жароҳатлар. Масалан, агар тилингиз ёки ёноқларингиз ички томонини тишлаб олсангиз, қандайдир ичимлик билан оғзингизни куйдириб олсангиз.
- Аллергия ва овқатларга сезувчанлик. Бу индивидуал реакция. Кимдир нордон меваларни ея олмайди, кимдир эса кўп писта чақиб, касалга йўлиқиши мумкин.
- Милклар касалликлари. Милкларнинг сезувчанлигини ҳаддан зиёд оширувчи ҳар қандай яллиғланишлар.
- Аутоиммун касалликлар. Шиллиқ қават иммун тизимини ўз ҳужайраларини вайрон қилишга мажбур қилувчи касалликлар: сил, Крон касаллигида жабрланади.
- Дори воситалари. Баъзи дори воситалари ҳам стоматитни келтириб чиқаради. Бу антибиотиклар, кимёвий даволаш воситалари, гормонал препаратлар бўлиши мумкин.
- Тўйиб овқатланмаслик ва стресслар. Ривожланган мамлакатларда бундай ҳолатни тасаввур қилиш қийин, бироқ агар сиз тезпишар лапшалар билан озиқлансангиз ёки қатъий парҳезга риоя қилсангиз, кам ухласангиз ва кўп асабийлашсангиз, стоматит пайдо бўлиши мумкин.
Стоматит қандай даволанади?
Стоматитнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлгани боис, уларни даволаш ҳам шундан келиб чиқади.
Стоматитни даволашда асосийси - оғриқсизлантириш. Бунинг учун ибупрофен ёки парацетамол керак бўлади - бу энг ҳамёнбоп ва кенг тарқалган препаратлар.
Стоматитда музқаймоқ яхшигина оғриқсизлантирувчи таъсирга эга. Бу ғалати эшитилиши мумкин, чунки бизни доим оғриқли жойни иситишга ўргатишган: совуқ, юмшоқ консистенция ва ёқимли таъм оғиз бўшлиғи касалликларини енгилроқ ўтказишга ёрдам беради.
Маҳаллий оғриқсизлантирувчи воситалар мавжуд - лидокаинли геллар. Бироқ уларни эҳтиёт бўлиб ишлатиш керак: бундай воситаларни фақат катта ёшлиларга қўллаш мумкин, болалар ва чақалоқлар учун эса, улар хавфли. Уларнинг таъсири вақтинчалик, бироқ агар бола катта миқдордаги гелни ютиб юборса, бу юрак ритмининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Парҳез ҳақида унутманг: шусиз ҳам оғриқли оғиз бўшлиғини қайноқ, аччиқ ёки нордон егуликлар билан "қийнаманг".
Қачон шифокорга бориш керак?
Оғиз бўшлиғида ярача кўринишида пайдо бўлиб, ноқулайлик туғдирадиган оддий стоматит кўпи билан икки ҳафтада кетади. Бундай ҳолатларда қўшимча ёрдамга ҳожат йўқ, агар стоматит кетавермаса, қандайдир белгилар (юқори ҳарорат, тошмалар, ҳолсизлик) намоён бўлса, шифокор билан бирга унинг сабабини аниқлаш керак. Уни даволаш учун терапевт ва стоматологга мурожаат қилинг.
Мавзуга оид
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
17:59 / 08.11.2024