Жаҳон | 14:03 / 01.12.2017
13711
2 дақиқада ўқилади

Аргентина ғойиб бўлган сув ости кемаси бўйича баёнот берди 

Фото: AP

Аргентина ҳарбий-денгиз кучлари вакили Энрике Бальбининг маълум қилишича, қутқарувчилар изсиз ғойиб бўлган «Сан-Хуан» сув ости кемаси экипажининг омон қолган аъзоларини қидиришдан тўхтади. Бу ҳақда La Nacion хабар бермоқда.

Бальбининг сўзларига кўра, 15 кун давомида ўтказилган қидирув ишлари мобайнида изсиз ғойиб бўлган субмарина денгизчиларини топишнинг уддасидан чиқилмади. Шу билан бирга, зобитнинг таъкидлашича, сув ости кемасининг ўзи қаерда эканини аниқлаш бўйича амалиёт «денгиз тубида» давом эттирилади.

28 ноябрь куни Аргентина матбуот авария ҳолатидаги кема бортидан келган сўнгги хабар нима ҳақда бўлганини ошкор қилди. «Вентиляция тизими орқали денгиз суви оқимининг учинчи рақамли аккумулятор батареясига кириши қисқа туташувни юзага келтирди, ёнғин бошланди. Батареялар ишдан чиқди», - дейилган радиограммада. Шунингдек унда кўрсатилишича, кема сувга ғарқ бўла бошлаган ва экипаж қўмондонликни ҳодисалар ривожидан хабардор этиб бориши керак бўлган.

Ундан беш кун аввал эса Аргентина ҲДК «Сан-Хуан» сув ости кемаси охирги марта алоқага чиққан жой яқинида у йўқолган куни – 15 ноябрда портлаш юз бергани ҳақида маълумот олганди. 

«Сан-Хуан» дизель-электр сув ости кемаси немис кемалар қуриладиган корхонасида 1985 йилда қурилган бўлиб, 15 ноябрдан бошлаб алоқага чиқмай қўйди. Унинг бортида экипажнинг 44 аъзоси бор. Қутқарув-қидирув амалиётида эса 18 давлат вакиллари иштирок этди.

Мавзуга оид