Ўқитувчиларга маошни ҳоким ўз чўнтагидан тўлайдими?
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўз раислигида ўтган йиғилишда яна одоб-ахлоқ доираларидан четга чиқиб, уятсиз сўзларни ишлатишда давом этган ва йиғилганларни ҳақоратлаган. Бу сафар Раҳматуллаев йиғилишда ўтирганларни нафақат уятли сўзлар билан сўккан, балки мажбурий меҳнат ва қонунда назарда тутилмаган ҳолат бўйича мажбуриятларни бажаришга ундаган.
Андижон шаҳри ҳокими «вилоят миқёсида Андижон шаҳри металлоломдан анча қарз бўлиб қолгани»ни айтган. У шу боисдан «ҳар бир ташкилот, жумладан мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳам кунлик металлалом мажбуриятини бажариши кераклиги»ни таъкидлайди.
Бундан аввалроқ «Kun.uz»да таниқли блогер ва журналист Санжар Саид ўзи истиқомат қилаётган Жиззах вилояти мактабларида норасмий равишда «металлолом солиғи» жорий этилгани ҳақида ёзганди. Шундан кейин Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигига йўлланган тезкор талаблар бўйича Халқ таълими вазирлигидан 2017 йил 9 январда 03 02/1 5 226 сонли хат орқали олинган маълумотга кўра, Жиззах вилояти ва Арнасой тумани халқ таълими муассасалари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан ўқувчиларга металлолом, макалатура тўплаш ва шунга ўхшаш масалаларда топшириқ (кўрсатма) берилмагани маълум қилинганди.
Лекин бу вазиятда «металлоломни ҳар қандай чоралар билан» йиғиш топшириғини шахсан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев бермоқда.
Наҳотки, металлолом масаласини ҳал қилиш соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва шу каби ижтимоий соҳа вакилларининг иши бўлса? Мактаб директори металлоломни қандай топиши юзасидан иккита аниқ ечим бор: ноқонуний пул йиғимини ташкиллаштиради ёки металлолом йиғиш учун барчани сафарбар этади. Акс ҳолда, аудиоёзувда айтилганидек, «шаҳар ҳокимининг ғазаби»га учрайди.
Демак, мактабдаги ноқонуний пул йиғимлари қаердан пайдо бўлишини шаҳар ҳокимиятининг тор йўлакларидан қидириш керак...
Масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратсак. Шаҳар ҳокими нега педагог ва мактаб жамоасини шаҳарни ободонлаштириш ишларида қатнашишга мажбурламоқда? Аудиоёзувда айтилганидек, «ўқитувчилар дарахтларни оқлаб, ерни юмшатиб, ахлатларни олиб кетса бас!». Аммо соат 9:00дан ҳашар бошланса, болаларга ким таълим беради?
Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари талаблари асосида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилот, муассаса ва корхоналар раҳбарларига бу борада қонун бузилишига йўл қўйган ҳар қандай айбдор шахсга нисбатан меҳнат ва прокуратура органлари ваколати доирасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақидаги огоҳлантиришлар Дилмурод Раҳматуллаев учун бегона тушунчами?
Қайд этиш жоизки, бундан ҳам аввал Раҳматуллаев иштирокида ўтган йиғилишда ҳоким ўқитувчиларга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатгани маълум бўлганди. Ўшанда ҳам пахта йиғим мавсумига теримчиларни етарлича жалб қила олмаган «бечора»лар бўйин эгиб турган.
Бу гал пахта режасини бажаришда сусткашлик қилаётган бир гуруҳ мактаб директорлари ҳақоратланди. Гўёки уларнинг ойлик маоши Раҳматуллаевнинг чўнтагидан ажратиб берилаётгандек, миннат қилинди.
Дўппини бир четга қўйиб фикр қилайлик, ўқитувчи пахта терсинми, металлолом йиғсинми, кўчани обод қилсинми ёки болаларга таълим берсинми? У ким ўзи? Унинг айби бюджетдан маош олиб, мактабда дарс беришими ёхуд фидойи инсон бўлиб барчасига чидашими?
Энг ачинарлиси, Дилмурод Раҳматуллаев бу сафар ўзидан бир неча ёш улуғ бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан бирини уятли сўзлар билан ҳақорат қилишдан ўзини тийиб турмади.
Шу ўринда Ҳазрати мир Алишер Навоийнинг бир ҳикматини эслаб ўтишни жоиз: «Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз».
Ишонч билдирамизки, Раҳматуллаев уни қўллаб турган халқи олдида кечирим сўрайди ва берган ноқонуний топшириқларини қайтариб олади.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Мавзуга оид
08:21 / 21.12.2024
Андижон вилояти ҳудудида ер силкиниши кузатилди
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024